Ўзбекистоннинг 2017 йилдаги энг яхши футбол академияси фаолияти тўхтатилмоқда(ми?)

Сўнги йилларда мамлакатимизда футболга бўлган эътибор янада ошди. Ушбу спорт турида юртимизда кенг миқиёсда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса фақатгина Ўзбек футболининг ривожига хизмат қилиши шубҳасиз. Футболимиздаги ислоҳатларнинг дастлабки мевасини йил бошида Хитойда ўтган 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионатидаги вакилларимизнинг чемпионлиги замирида кўрдик. Мусобақанинг энг яхши футболчиси ҳам терма жамоамиз аъзоси бўлганлиги ҳам қувонарли ҳол албатта.

Ушбу турнирга мамлакатимизнинг кўплаб жамоаларидан футболчилар йиғиб олиб кетилган эди. Асосий таркибнинг бир қатор футболчилари эса Қаршининг “Насаф” футбол клуби академияси тарбияланувчиларидир… Нега айнан “Насаф”? Чунки ҳозир айнан шу жамоа ва унинг академиясининг кейинги тақдири кўпчиликни ҳавотирга солмоқда.

Сабаби, қашқадарёлик футбол мухлислари томонидан таҳририятимизга кўплаб мактублар келмоқда. Ҳусусан "Насаф" ФМнинг 2002 йилда туғилган тарбиянувчиларининг ота-оналар кенгаши раиси - Норқобилов Бахтиёрнинг бизга мурожаати мазмунида: Қаршидаги футбол академияси иш фаолияти тўхтатилгани, ёш футболчилар турар жойи ёпилгани ва озиқ овқат билан таъминлаш тўхтатиб қўйилгани, тарбияланувчилар эса стадион ҳудудидаги футбол майдонларига уйларидан қатнаб машғулот ўтказаётганликлари кўрсатиб ўтилган. Бу ачинарли ҳолат эмасми? 2017 йилги мавсумда Ўзбекистон ФА томонидан мамлакатнинг энг яхши академияси деб топилган “Насаф” футбол мактаби бугун мана шундай қаровсиз аҳволда турса… Шу йилнинг Ўзбек футболи довруғига ҳисса қўшган Одилжон Ҳамробеков, Азизжон Ғаниев, Шароф Муҳитдинов, Бобир Абдиҳолиқов, Ислом Рашидхонов, Дониёр Нарзуллаев ва яна бошқа бир қатор итеъдодларни етказиб берган академиянинг бугунги аҳволига шунчаки кўз юмиб бўлмайди.

Шу вақтга қадар академияни клуб ўз бюджетидан молиялаштириб келган, аммо яқин вақт ичида “Насаф”нинг аҳволи ҳам танг аҳволга келиб қолди. Клубнинг ўринбосарлари ҳам умуман таъминотдан узилиб қолган, улар истиқомат қилаётган базанинг фаолияти ҳам тўхтатилган. Ёшлар лигасида ўйнайдиган футболчилар ҳам академия тарбияланувчилари каби уйдан ўйинларга қатнашмоқда, Қолаверса Суперлига 8-турида “Насаф” сафарда АГМКга қарши ўйнайди. Ушбу ўйиндан бир кун аввал ўтказилиши режалаштирилган Ёшлар лигаси баҳсида “Насаф” ёшлари клубдаги инқироз сабаб бора олмасликлари эҳтимоли катта! Хаттоки, клубнинг иккинчи автобусга ёқилғи тўлдиришга ҳам қурби етмай қолганига нима деймиз? Клубнинг асосий таркиби эса ўйинларга қарз эвазига бораётгани ҳам кишини ҳавотирга солмоқда. Бундан кўриниб турибдики, бош ҳомий ҳам Қашқадарёнинг Суперлигадаги ягона ва бош жамоасини молиялаштирмай қўйган.

Биз ҳам Ўзбек футболи тарихида шонли из қолдира олган ва доимий равишда янгидан янги истеъдодларни тарбиялаб бераётган “Насаф” футбол клуби ва клуб қошидаги футбол академияси тақдирига бефарқ бўла олмаймиз. Умид қиламизки, клубдаги бу инқироз вақтинча ва у тез орада ўз ечимини топади. Ҳар ҳолда, футболни ривожлантириш борасида буюк ишлар қилинаётган бир вақтда ажойиб инфраструктурага эга клуб бу тариқа йўқ бўлиб кетмаслигига ишонамиз.

 

Азамат Умаров

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!