Рўзиқул Бердиев: “Персеполис”га қарши ўйин биз учун охирги имконият

Бугун ОЧЛ-2018 5-туридан ўрин олган “Насаф” – “Персеполис” учрашувидан олдин матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев қуйидаги фикрларни билдирди.

- Эртага биз учун мураккаб учрашув бўлади. Чунки Эрон чемпиони ва энг яхши жамоаси билан куч синашамиз. Қолаверса, “Персеполис” ОЧЛда ҳам анча яхши ҳаракат қилмоқда. Эрон чемпионати қанчалик кучга эа эканлигини яхши биламиз. Шунга қарамасдан шогирдларимни имкон қадар тайёрладик. Эртага биз учун охирги имконият. Бундан фойдаланишга интиламиз. “Персеполис”га қараганда, бизда озгина бўлса ҳам имконият бор. Ундан фойдаланишимиз керак. Эртага кейинги босқичга чиқиш ёки акси ҳисобланган ҳал қилувчи баҳс ўтказилади.

Эртага “Насаф” қандай тактикада ўйнайди ва Чераннинг ҳолати қандай?

- ОЧЛда очиқ футбол кўрсатиш яхши оқибатларга олиб келмайди. Шунинг учун ҳимояда ҳам тартибли ўйнашимиз керак. Олдиндан қанақа тактикада тўп тепишимизни айтиб бўлмайди. Лекин асосий мақсадимиз натижа учун учун курашиш.

Драган Черан икки кун олдин умумий гуруҳга келиб қўшилди. Ҳали тўлиқ шуғуллангани йўқ. Лекин уни асрашимиз даркор. Эртанги учрашувга қанчалик тайёрлигини бугунги машғулот кўрсатиб беради. Бироқ аниқ биламанки, Черан эртага бутун беллашув давомида бизга ёрдам беришга тайёр эмас. Олдимизда бошқа баҳслар ҳам бор. Шу боис таваккал қилиш шартмас. Лекин камроқ вақт бўлсада ёрдам берар. Унинг тайёргарлиги шу даражада. “Персеполис”га қарши беллашувга ким 100 фоиз тайёр бўлса, ўшаларга имкон берамиз.

Жаҳонгир Алиев ва Дониёр Нарзуллаев ҳақида ҳам тўхталсангиз?

- У 27 март куни Тожикистон сафида Филиппинга қарши ўйинда тўлиқ ҳаракат қилди ва бир ярим кун йўл юриб келди. Шунинг учун “Металлург”га қарши учрашувда таркибимизда бўлса ҳам ўйинга жалб қилмадик.

Дониёр Нарзуллаев бир ҳафтадан бери умумий гуруҳда шуғулланмоқда. Бу баҳсларда, албатта, унинг ҳам ёрдами тегади.

Футболчиларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати қандай?

- Кўп учрашувлар ўтмоқдамиз. Терма олимпия терма жамоаси бизнинг жамоамиз ўзаги бўлиб қолди. Улар барча ўйинларда тўлиқ ҳаракат қилмоқда. Шу сабаб баъзиларига джам беришга қарор қилдик. Бироқ эртанги учрашувга буларни четга суриб қўйиш шарт. Чарчоқ бор деймиз-у, бироқ ҳар бир футболчи ўзига қўшимча куч топа олиши даркор.

Охирги учрашувни таҳлил қилдик. Унда Азизжон Ғаниев барчадан кўра техник ва тактик устунлигига эга бўлди. Бу нима дегани? У ҳақиқатдан ҳам ўзида куч топиб, чарчоғига ҳам қарамай тўп тепмоқда. Футболчилар бу нарсага ўрганиши керак. Бугун чарчадим деб ўйинга ўзини бағишламаса, муаммо келиб чиқади.

Охирги пайтларда ҳар 3-4 кунда ўйнашга ўрганиб боряпмиз. Машғулотларни камайтириб, учрашувларга эътибор қаратяпмиз.

“Песеполис”нинг ўйинларини кўриб чиқтингизми?

- “Персеполис” жамоасининг кейинги ўйинларини кўриб, ўрганиб чиқдик. Жамоа жисмонан ва тактик кучли ўйин кўрсата олади. Шунингдек ҳимояда деярли хато қилмайди. Биз эса эртага уларни хато қилишга мажбур қилишимиз талаб этилади. Такроран айтаман бизни эртага фақат ғалаба қониқтиради. Мухлисларимизга ҳам фурсатдан фойдаланиб мурожаат қилмоқчиман, эртага биз учун уларнинг далдаси ҳам ҳар қачонгидан зарур. Агар уларга ўйинимизга кўпроқ ташриф буюриб, бизни қўллаб-қувватлашса бу ҳам бизга қўшимча куч беради.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!