Сэр Алекс Фергюсон автобиографияси. Ўй ва ҳаёллар. Биринчи боб

  

ЎЙ ВА ҲАЁЛЛАР

"Манчестер" менга қанчалик аҳамиятлилигини мен учун охирги бўлган 1500 - ўйинимда тушундим. "Вест Бромвич" - "Манчестер Юнайтед" - 5:5. Шиддатли. Ажойиб. Мафтункор. Жозибали ўйин.

Бизнинг ўйинларимизни кузата туриб, сиз доимо голлар ва кутилмаган ҳодисаларни кутасиз. Юрак учун бу катта синов! Мен "кораялоқлар"га қарши ўйин тугашига 9 дақиқа қолаётган бир пайтда, ғалаба қозонишимга мутлақо ишончим комил эди. Финал ҳуштагидан сўнг ўйинчиларимга ўз норозилигимни билдирмоқчи бўлгандим, аммо улар ҳаммасини тушуниб турушарди. Мен уларга шундай дедим:

-Раҳмат, йигитлар. Бу сизлардан зўр хайрлашув сўзи бўлди!

Дэвид Мойес менинг ворисим эканлиги айтилиб бўлганди. Биз ечиниш хонасида ўтирганимизда, Райан Гиггз: "Мойес ҳозиргина истеъфога чиқди", дея ҳазил қилди.

Ушбу ўйиннинг ачинарли натижасига қарамасдан, мен ажойиб ўйинчилар ва клуб ишчилари бошқарувини ғурур ва енгиллик билан Дэвид қўлига топширдим. Вазифа бажарилди. Менинг оилам ҳам шу ерда, "Рэджис Сюит" ложасида ўтирарди. Мени янгича ҳаёт кутар эди.

Бу кунги воқеалар ёрқин бир тушни эслатарди. "Вест Бром" ҳақиқий маҳорат кўрсатди, менинг фикримча, жуда яхши ўйнади. Кейинрок улар менга ўйинчилар автографлари қўйилган варақани юборишди. Оиламнинг кўп қисми, яни уч ўғлим, саккиз набирам ва бир нечта яқин дўстларим трибунада эди. Улар ёнимдалигидан мен жуда хурсанд бўлдим, ахир маррани бирга якунлаш биз учун муҳим эди. Бизнинг оила буни бажарди.

Энг ажойиби - бу мен туғилган йили чиқарилган "Ролекс 1941" бўлди.  Унга 15:03 - мен туғилган дақиқалар отметкаси ўрнатилган эди.

"Хоторнз" ёнига тўхтаган автобус зинапояларидан тушар эканман, хар сониядан завқланишга интилардим. Карьерамни тугатиш унчалик қийин кечмади, чунки мен билардим - ҳақиқий фурсат етиб келди. Ўйиндан бир кун олдин менга совғалар тақдим этишлари ҳақида ўйинчилар хабар берди. Энг ажойиби - бу мен туғилган йили чиқарилган "Ролекс 1941" бўлди.  Унга 15:03, мен туғилган соат отметкаси ўрнатилган эди. Ундан ташқари улар менинг давримдаги энг яхши лаҳзалар ёритилган фотоальбом совға қилишди, ички бетида эса мен ва оиламнинг суръати турарди.  Бу ғоя ихтирочиси Рио Фердинанд эди.

Гулдурос олқишлар остида фотоальбом билан соат менга тақдим этилгандан сўнг, мен баъзи бир ўйинчилар чеҳраси ғалати ҳолда эканлигига эътибор бердим. Улар бу вазиятда ўзларини қандай тутишни билмас эди, чунки мен улар билан 20 йил бирга бўлдим. Мен уларда қандай фикрлар ўйғонганини тушуниб турардим: "Энди нима бўлади?". Баъзи бирлар бошқа мураббий қўл остида бирор марта ҳам шуғулланмаган эдилар.

Бу охирги ўйин бўлгани учун мен ҳаммаси силлиқ ўтишини хоҳлагандим. Биз ярим соат давомида 3-0 ҳисобида ютаётган эдик, лекин "Вест Бромвич" менинг тинчгина ғалаба қозонишимга йўл қўймади. Менинг қўл остимдаги "Юнайтед"га биринчи голни Йон Сивебек 22 ноябр 1986 йили урган эди, охирги тўпни эса Хавьер Эрнандес 19 май 2013 йилда киритди. 5:2 ҳисоби қайд этилаётганда, бизга 20:2 ҳисобида ютишимиз мумкиндек туюлганди. Табло 5:5 рақамларини кўрсатганда, биз худди 2:20 га ютқазгандек бўлдик. Бизнинг ҳимоямиз каптархонани эслатарди. "Вест-Бром" беш дақиқа ичида Ромелу Лукаку ёрдами билан учта тўп киритди.

Ўйин охиридаги муваффақиятсизликка қарамасдан, ечиниш хонасида қайғусиз атмосфера ҳукм сурарди. Финал ҳуштагидан сўнг биз мухлисларимизни олқишлаш учун майдонда қолдик. Гиггзи мени олдинга ўтказди, қолган ўйинчилар орқада қолди. Мен бахтиёр чеҳралардан иборат бутун бир мозаикани кўрдим.Бизнинг мухлисларимиз кун давомида қўшиқлар куйлашди. Мен 5:2 ҳисобида ғалаба қозонишни хоҳлагандим, лекин 5:5 ҳисоби карьерамнинг охирги ўйинига мос тушди. Англия Премьер Лигасида биринчи бор бундай ҳисобдаги дуранг қайд этилди. Бу 90 дақиқа ичида эришилган яна бир ютуқ.

Манчестерга қайтгач, мен офисимда хатлар тўпламини кўрдим. Мадриднинг "Реал" клуби раҳбарияти ажойиб совға жўнатибди: Сибелис майдонининг кумуш гравюраси ва клуб президенти Флорентино Пересдан таъсирли хат. Яна икки совға "Аякс" клубидан ва Эдвин ван дер Сардан экан. Менинг котибим Лин корреспонденция оқими билан астойдил ишларди.

"Суонси" билан ўтган ҳафта бўлиб ўтган уй учрашувимиз менинг "Олд Траффорд"даги охирги ўйиним эди. Фахрий коридордан кейин мени нима кутаётганини билмасдим. Аввалроқ биз бир ҳафтани менинг янги ҳаёт бошлашим ҳақида оилам, дўстларим, ўйинчилар ва мураббийлар билан муҳокама қилиб ўтказдик.

Ушбу қарор 2012 йилнинг қишида пайдо бўлди. Рождество кириш арафасида мен аниқ қарорга келдим: "Мен карьерамни якунлайман"

-Нима учун сен бундай қарорга келдинг? - деб сўради Кэти.

-Ўтган мавсумда биз унвонни охирги ўйинда бой бердик, мен бу нарсани такрорланишига чидай олмайман, - деб жавоб бердим. -Ўйлайманки, агар биз чемпионатни ютсак, Чемпионлар лигаси ва Англия Кубогининг финалигача борсак, бу карьерамни ажойиб тугаши бўлади.

Кэти октябр ойида Бриджетни йўқотди ва бу нарсани енгишга ҳаракат қиларди. Кейинчалик у менинг қароримни қўллаб-қувватлади. Кэти ўйлардики, агар мен ҳаётда яна бирор бир нарса билан шуғуллансам, узоқ вақт ёш ва кучга тўла бўламан.

Шартнома бўйича мен агарда истеъфога чиқмоқчи бўлсам, клубни 31 мартгача огоҳлантиришим керак эди. Уик-эндларнинг бирида менга Дэвид Гилл қўнғироқ қилди ва якшанба куни менинг уйимда учрашишни сўради. Феврал ойи эди.

-Аминманки, у клубнинг ижрочи директори вазифасидан кетмоқчи,- дедим мен.

-Ёки сенинг истеъфога чиқишингни айтади,- деди Кэти.

Дэвид ўз лавозимини мавсум якунида бўшатишини айтди. Кейин мен унга ўз ниятимни сўзлаб бердим.

Бир неча фурсатдан сўнг у менга яна қўнғироқ қилиб Глейзердан хабар кутишимни айтди. Кўп ўтмай мен телефон гўшагида Джоэл Глейзерни овозини эшитдим. Унга менинг қарорим Дэвид Гиллнинг кетиши билан ҳеч қандай боғлиқ эмаслигини, мен бу тўхтамга анча олдин келганлигимни айтдим. Кетишим сабабларини тушунтирдим, Бриджет ўлими бизнинг ҳаётимизни қай даражада ўзгартириб юборганини айтиб бердим. Джоэл мени тушунди. Биз Нью-Йоркда учрашишга келишдик, у мени колишга кўндирмоқчи эди. Мен унга далда бергани учун раҳмат айтдим, у эса менинг жамоадаги ишларим учун миннатдорчилик билдирди.

Биз бир овоздан Дэвид Мойесни танладик

Мен ўз қароримни ўзгартирмаслигимни билдирганимдан сўнг,  менинг давомчим ким бўлиши ҳақида фикр юритдик. Биз бир овоздан Дэвид Мойесни танладик.

Кўп ўтмай Дэвид менинг олдимга келди ва биз унинг "Юнайтед"га ўтиши имкониятлари ҳақида сўз юритдик. Менинг ворисим масаласи дарҳол ечимини топиши Глейзерлар учун муҳим эди. Янги мураббий ўз ўрнини тез орада эгаллашини улар жуда хоҳларди.

Шотландларнинг барчаси катта жасоратга эга. Улар ўз уйларини фақат бир сабаб билан тарк этади - ютуқларга эришиш учун. Бунга ҳамма жойда гувоҳ бўлиш мумкин, айниқса Америка ва Канадада. Ўз ватанини ташлаб кетиш қарори шотланднинг характерини мустаҳкамлайди ва уни янада довюрак қилади. Ана шундай шотландча  жасорат менда ҳам мавжуд.

Одамлар менга кўпинча: "Биз сизни ўйин вақтида табассум қилганингизни ҳеч қачон кўрмаганмиз", - дейишади. Менинг жавобиш шундай: "Мен бу ерда жилмайиш учун эмас, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун ишлайман".

Шотландлар ўз ватани ташқарисида ҳам ҳазил туйғусини йўқотишмайди. Дэвид Мойес ҳам улар қаторида. Лекин иш вақтида  шотландлар ўз вазифаларига жуда жиддий эътибор билан қарашади, бу эса уларнинг энг яхши фазилати. Одамлар менга кўпинча: "Биз сизни ўйин вақтида табассум қилганингизни ҳеч қачон кўрмаганмиз", - дейишади. Менинг жавобиш шундай: "Мен бу ерда жилмайиш учун эмас, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун ишлайман".

Дэвидда ўхшаш жиҳатлар мавжуд. Мен унинг оиласини танийман. Унинг отаси "Драмчапэл"нинг мураббийи эди, мен бу жамоада ёшлигимда ўйнаганман. Мойеснинг оиласида ҳамма бир-бирига меҳрибон, лекин бу Дэвиднинг бундай ўлкан лавозимга тавсия этилишининг сабаби дея олмайман. Мен "Драмчапэл"дан 1957 йил, Дэвид ҳали жуда ёш пайти кетганман. Шунинг учун бу ерда ҳеч қандай боғланиш йўқ.

Глейзерларга у дарҳол ёқиб қолди. Дэвид уларни ўзига маҳлиё этди. Дэвид ҳар доим очиқчасига, киноясиз гапирарди - жуда яхши хислат. Тўғрисини айтсам, мен Дэвидга ҳеч қандай таъсир ўтказмоқчи эмасман. Нима учун мен 27 йиллик бош мураббийликдан сўнг машғулот жараёнида қатнашишни исташим керак? Бундай ҳаётни орқада қолдириш вақти келди. Дэвид бизнинг анъаналаримизни муаммосиз давом эттира олади. У маҳоратли ўйинчиларни сезади, шунинг учун "Эвертон" ўтган мавсумда юқори савияли ўйинчилар сотиб олиб, жуда яхши ўйин кўрсатди.

Мен кетганимдан афсусланмаслигим керак. Вақтни орқага қайтариб бўлмайди. 17 ёш бўлсам экан, оқим бўйича кетаверсам, лекин ёш ўтгандан кейин бундай қилиш қийин. Шунинг учун истеъфога чиқишим билан Америкадаги лойиҳаларим устида ишлай бошладим. Дангасалик қилиш ҳақида ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас, менинг шотландча руҳим янги синовларни талаб қилади.

Кетишим ҳақидаги хабарни клуб персоналига айтиш жуда қийин бўлди. Мен ҳаётимда бўлиб ўтган ўзгаришлар, Кэтининг ўлими ҳақида гапириб берганимда, ҳамдардлик билан хўрсинганларни эшитдим. Бу менинг ҳиссиётларга берилишимга сабаб бўлди.

Менинг истеъфога чиқишим ҳақидаги миш-мишлар расмий баёнотдан бир кун олдин тарқала бошлади. У пайт мен ҳатто ўз укам Мартинга ҳам бу ҳақда гапирмаган эдим. Чунки "Юнайтед"нинг Нью-Йоркдаги акцияларининг тушиб кетиши хавфи бор эди. Қисман тарқалган хабар ҳам мени ишонган одамларим олдида бир мунча обрўсизлантирди.

8 май чоршанба куни эрта тонгдан мураббийлар состави видео таҳлил қилиш хонасида, клуб ишчилари ошхонада, ўйинчилар эса ечиниш хонасида эди. Мен у ерга бораётганимда, расмий сайтда анонс чиқиб бўлганди. Ҳеч кимда мобил телефон йўқ эди. Мен машғулот комплексида бу хабарни  ўзим эълон қилмагунимча, ҳеч ким уни ўқиб қўймаслигини хоҳлардим. Лекин ҳамма миш-мишлардан хулоса чиқариб, улар яқин орада муҳим ўзгариш бўлишини сезишарди.

Мен ўйинчиларга шундай дедим:

- Умид қиламанки, мен ҳеч кимни хафа қилиб қўймайман, чунки сизларнинг кўпчилигингиз мени қолади деб ўйлади.

Мен бундай деганим сабаби, бир вақтлар биз Робин ван Перси ва Синдзи Кагава билан менинг клубдан кетишим ҳақида суҳбатлашган эдик.

- Ҳеч нарса абадий эмас. Менинг рафиқамнинг опасининг ўлими жуда катта драматик ўзгариш бўлди. Бундан ташқари мен ғолиб бўлган ҳолда кетмоқчи эдим, ва мен буни уддаладим, - деб нутқимни давом эттирдим.

Кўплар шок ҳолатга тушишди.

-Бугун пойгага боринглар ва завқланинглар. Пайшанба куни кўришамиз.

Олдинлари мен ўйинчиларимга чоршанба куни ҳордиқ берардим, улар Честерга бориб келишарди. Ҳар бир мухлис буни биларди. Бу нарса стратегиямнинг бир қисми эди. Одамлар ўйинчиларни мен истеъфога чиқадиган кун пойгага жўнаб юборишди деб, тошбағирликда айбламасликлари учун бу нарсани бир ҳафта олдин режалаштирдим.

Кейин мен мураббийлар ҳайъатига кирдим ва ўз қароримни айтдим. Уларнинг бари қарсак чалиб юборишди.

- Сиздан қутилганимиздан хурсандмиз, - деб, аччиқ гап қилишди баъзилар.

Жамоа ўйинчилари мураббийларга қараганда кўпроқ қайғуришди. Уларда дарҳол саволлар туғила бошлади: "Янги менеджер сизга ўхшайдими? Кейинги мавсумда қайтасизми?". Менинг ёрдамчиларим эҳтимол ўйлашгандир: "Менинг бу ердаги ишимни ҳам ажали яқин". Мен кетишим сабабларини тушунтиришни тўхтатиб, ҳаёлларимни бир жойга йиғиб олишим керак эди.

Мен шу заҳоти тўғри уйимга жўнашга қарор қилдим, чунки менинг баёнотим ОАВ да портлаган бомбадек эффект пайдо қилади. Кэррингтонни бир тўда репортёрлар орасидан тарк этишни хоҳламасдим.

Мен уйга беркиниб олдим. Менинг адвокатим, Джейсон ва Лин менинг кетишимни эшитгандан буён хатлар жўнатишган экан. Котибим 15 дақиқа давомида тўхтовсиз СМС жўнатиб турди. 38 га яқин газеталар, шулар қаторида "Нью-Йорк Таймс", бу хабарни биринчи саҳифада чоп этди.  Британия прессасида 10-12 бетли қўшимча иловалар чиқди.

Менинг кетишим ҳақидаги хабарлар жуда хуш келадиган эди. Олдинлари менда газеталар билан низолар чиққанди, лекин мен ҳеч қачон улардан хафа бўлмаганман. Журналистлар ҳар доим босим остида эканлигини, улар интернетдан, Фейсбук, Твиттер ва бошқа сервислардан чаққонроқ бўлиши кераклигини яхши биламан. Уларнинг иши жуда ҳам қийин.

Янгиликларни ҳар-хил медиа ресурслар ҳам тарқатди, ва уларнинг ҳеч қайси эски хафачиликларга шама қилмасдан ёзишди. Улар менинг карьерамнинг ва пресс-конференцияларда олинган маълумотларнинг улуғлигини англади. Мен ҳатто улардан торт ва ажойиб винодан иборат совғани хурсандчилик билан қабул қилдим.

"Суонси"га қарши ўйиндан олдин стадион диджейи Синатранинг "Менинг йўлим" ва Ната Кинга Коулнинг "Унутиб бўлмайдиган" номли қўшиқларини қўйди. Биз бу ўйинни аввалги 895 ўйинлар каби ютдик. Рио Фердинанд учрашув охирида ғалаба тўпини киритди. Менинг ўйиндан сўнг айтилган нутқим таваккал эди. Менда тайёр текст йўқ эди, лекин мен ҳеч кимни алоҳида гапириб ўтишни истамандим. Нутқим фақат "Манчестер Юнайтед" клуби ҳақида бўлди.

Мен мухлисларни янги бош мураббий Дэвид Мойесни қўллаб-қувватлашга чақирдим.

- Эслатиб ўтишим керакки, менда ҳам қийин даврлар бўлган эди. Клуб мени қўллади. Барча ёрдамчиларим ҳам қўллади. Ўйинчилар менга суянчиғ бўлишди. Демак сизнинг ҳозирги вазифангиз янги менеджерни қўллаб-қувватлаш. Бу  жуда муҳим.

Европадаги учрашувларга бориб: "Мен бу жамоа билан фахрланаман, бу ҳақиқатдан буюк клуб", деб ҳаммага айтишни хоҳлайман.

Агар мен Дэвид ҳақида айтиб ўтмаганимда, одамларда "Фергюсон ростдан ҳам Мойес келишини хоҳлаганмикан?" деган савол туғиларди. Биз унга ўз ишончимизни кўрсатишимиз керак эди. Клуб ғалаба қозонишни давом этиши керак. Мен ҳозир директорман ва жамоа муваффақият қозонишини сиз каби хоҳлайман. Энди менда ўйинларни томоша қилиб, завқланиш  имконияти бор, худди Бобби Чарльтон каби. У карьерасини тугатгач, айнан шундай қилди. Сиз балким кўргандирсиз, қай тарзда Бобби бизнинг ғалабараримизга қувонишини. Мен ҳам шуни хоҳлайман. Европадаги учрашувларга бориб: "Мен бу жамоа билан фахрланаман, бу ҳақиқатдан буюк клуб", деб ҳаммага айтишни хоҳлайман.

Нутқимни якунлагач, мен микрофонга Пол Скоулзни чақирдим. Унга бу нарса ёқмаслигини билардим, лекин нима ҳам қилардим - у ҳам карьерасини тугатаётган эди. Шунингдек мен колит язваси билан курашаётган Даррен Флетчерга соғлик тиладим. 

Бир неча кудан сўнг аэропортда менинг олдимга конверт ушлаган бир йигитча келди.

- Мен буни сизга почта орқали жўнатмоқчи эдим, - деди у.

У ерда ирланд газетасининг мен ҳақимда мақоласи бор экан. Нима учун мен клубни ўз истагим билан тарк этганим тўғрисида мулоҳаза ёзилганди. "Типик Фергюсон", деган муаллиф. Менга бу жуда ҳам ёқди.  "Манчестер"даги карьерамни қандай тасаввур қилган бўлсам, ҳаммаси худди шундай ёзилганди. Мен бу мақолани ўқиганимдан хурсанд бўлдим.

Менинг ўрнимга келган Дэвид "Эвертон"даги ўзининг ёрдамчиларини клубга чақирди. Улар Стив Раунд, Крис Вудс ва Джимми Ламсденлар. У мураббийлар штабига Райан Гиггз ва Фил Невилларни ҳам қўшиб олди. Бу автоматик тарзда Рене Мёленстен, Майк Фелан ва Эрик Стилларни кетишини англатарди. Дэвиднинг қарори шундай эди. Мен унга менинг ёрдамчиларим билан ишлашини исташимни айтдим, лекин унинг шахсий мураббийлар штабини тузишига қаршилик қилиш ниятим йўқ эди.

Джимми Ламсден узоқ вақт Дэвид билан ишлади. Мен уни Глазгода яшаган давримдан буён биламан. Джимми мендан бир чақирим нарида, қўшни районда туғилган. У жуда яхши йигит, футболни ҳам аъло даражада тушунади. Менинг штабимдаги инсонлар ишларини йўқотганидан афсусдаман, лекин бундай ходисалар футболда кўп учрайди. Барибир ҳаммаси силлиққина якун топди. Мен уларнинг уччаласига клубни тарк этиши кераклигини, мен бундан афсусдалигимни айтдим. Майк, 20 йил мен билан ишлаган йигит, мени ҳижолат бўлмасликга чақирди ва  бирга ишлашган ажойиб даврлар учун миннатдорчилик билдирди.

1995 йилги Англия Кубоги финалида "Эвертон"га мағлуб бўлганимизда, мен айтдим: "Бас, етар! Ўзгаришлар вақти келди".

Ҳозир ўтмишга назар ташласам, фақат ғалабаларни эмас, мағлубиятларни ҳам ёдга оламан. Мен Англия Кубогининг учта финалида мағлуб бўлдим: "Эвертон", "Арсенал" ва "Челси"га. Лига Кубоги финалларида "Шеффилд Уэнсдэй", "Астон Вилла" ва "Ливерпуль"га ютқаздим. Шунингдек икки бор Чемпионлар лигаси финалини "Барселона"га бой бердим. Аммо "Манчестер"нинг буюклиги шундан иборатки, биз ҳар доим қайтамиз. Мен барча рақибларим устидан ғалаба қозонмаганлигимни, менинг ҳаётим фақатгина автобусда кубок ушлаган ҳолда айланишлардан иборат бўлмаганини ҳеч ҳам унутмайман. 1995 йилги Англия Кубоги финалида "Эвертон"га мағлуб бўлганимизда, мен айтдим: "Бас, етар! Ўзгаришлар вақти келди". Ва мен буни уддаладим, академиядан ёш ўйинчиларни жалб қилдим, кейинчалик уларни "Класс-92" деб аташди. Биз уларни заҳирада бошқа ушлаб туролмасдик. Бу ўзгача гуруҳ эди. "Юнайтед"нинг мағлубияти ҳар доим фикр юритиш учун туртки бўларди. Лекин мен учун бир муддат фикр-мулоҳаза қилиб, ҳаммасини ўз жойида қолдириш мақул эмасди. Финалдаги мағлубият қаттиқ таъсир қилади, айниқса сен рақиблар дарвозасига 23 та зарба берсанг, улар эса сенинг дарвозанга - атиги иккита, ёки пенальтилар сериясида ютқизсанг. Мен доимо ҳолатни ўзгартиришга ва илгариги позицияларга қайтишга интилардим. Менинг асосий қадр-қимматим шундан иборат эдики, мен ҳеч қачон бундай вазиятларда йўқотилган имкониятларга ачинмасдим, балки муаммонинг ечимини топишга ҳаракат қилардим.

Баъзан мағлубиятлар катта натижалар олиб келади. Бундай вазиятларга жавоб бериш - жуда яхши фазилат. Ҳатто энг қийин замонларда ҳам биз ўз жасоратимизни кўрсатганмиз. Мен битта ажойиб фикрни эслайман: "Бу "Манчестер Юнайтед" тарихидаги яна бир кун холос". Бошқа сўз билан айтганда, олдинги позицияларга қайтиш - бу клуб моҳиятининг бир қисми. Агар сиз ўз мағлубиятларингизга бепарволик билан қарасангиз, ишонавернинг - сизни унданда катта омадсизликлар кутиб турибди. Кўпинча биз рақибларимиздан ўйин охирларида тўп ўтказиб юбориб, очколар йўқотардик, лекин кейин қаторасига 6-7 ғалабали ўйинлар қайд этардик. Бу тасодиф эмас, албатта.

Мухлислар учун душанба куни ишга кетаётиб, дам олиш кунлари бўлиб ўтган ўйинни ўйлаб кетиш одатга айланган. Бир йигит 2010 йилнинг январида менга: "Сиз мен 41 фунт тўлаб сотиб олган билетимнинг пулини қайтарсангиз. Менга жозибали ўйин ваъда қилишганди, лекин мен уни кўрмадим. Пулни қайтара оласизми?", деб ёзди. Мен унга шундай жавоб қайтаришга қарор қилдим: "Менинг охирги 20 йилги даромадимдан 41 фунт ечиб олинг".

"Олд Траффорд"да ҳеч ким алданиб қолмайди. Бу ерда ҳеч қачон зерикарли бўлмайди.

Сен барча катта ўйинларда ғалаба қозонишинг мумкин, масалан, "Ювентус" ва "Реал" устидан. Лекин барибир якшанба куни бироз зерикарли ўтган ўйин учун билет пулини қайтаришни сўрайдиганлар ҳам топилади. Дунёда ўз ўйинлари билан инсон руҳини забт этадиган бошқа бир клуб борми? Агар имкони бўлганда, мен ўйинолди программаларда шундай огоҳлантирардим: "Агар биз ўйин тугашига 20 дақиқа қолганида 1:0 га ютқазаётган бўлсак, уйингизга кетаверинг, бўлмаса сизни носилкаларда олиб кетишади , ва сиз оқшомингизни Манчестер шифохонасида ўтказасиз".

"Олд Траффорд"да ҳеч ким алданиб қолмайди. Бу ерда ҳеч қачон зерикарли бўлмайди.

 

Жавоҳир Очилов таржимаси

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!