Шавкат Мирзиёев ЎФФ президенти Мираброр Усмоновни “Дўстлик” ордени билан мукофотлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 4 июль куни 70 йиллик юбилейини нишонлаган Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Мираброр Усмоновни “Дўстлик” ордени билан мукофотлаш тўғрисидаги фармонни имзолади, деб хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати. 

“Давлат бошқаруви органлари ва жамоат ташкилотларидаги кўп йиллик самарали ва фидокорона меҳнати, ибратли ижтимоий фаолияти билан Ватанимиз мустақиллигини, унинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини юксалтириш, ёш авлодни жисмоний ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш ишига қўшган катта ҳиссаси учун ҳамда таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Мираброр Зуфарович Усмонов “Дўстлик” ордени билан мукофотлансин”, – дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг 4 июлдаги №ПФ-5101 фармонида.

Мираброр Усмонов, шунингдек, “Меҳнат шуҳрати” (1995), “Фидокорона хизматлари учун” (2007), “Эл-юрт ҳурмати” (2011) орденлари ҳамда “Ўзбекистон мустақиллигига 15 йил” эсдалик нишони соҳиби саналади. Бундан ташқари, Мираброр Зуфарович Осиё Олимпия кенгашининг  “Олтин ордени” ва ФИФАнинг “Хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!