Таниқли спорт шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан ҳеч қаерда чоп этилмаган суҳбат

2186

Таниқли спорт шарҳловчиси Мирзаҳаким Тўхтамирзаев билан ҳеч қаерда чоп этилмаган суҳбат

Таниқли спорт шарҳловчиси, айни пайтда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи лавозимида ишлаётган Мирзаҳаким Тўхтамирзаев “Facebook”даги “Тошкент – нон шаҳри” оммавий гуруҳда мухлислар саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда SPORTS.uz сайти хабар бермоқда. 

Қуйида Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ҳақида сиз билмаган маълумотларни ўқишингиз мумкин.

Асли мутахассислигингиз хакида маълумот берсангиз?

- Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтини тамомлаганман. Тил таълими методикаси бўйича диссертацияни ҳимоя қилиб, педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олганман, доцентман.

Футболга кириб келишингиз качон ва кандай содир булди?

- Футболга болаликдан кириб келганман. Телевидениеда 1992 йилдан футбол шархлайман.

Ёшлигингизда ҳеч ўйлаганмисиз, кун келиб экран ортида футбол ўйинларини шарҳлайман деб?

- Рости, болалагимда фантазияда бўлган: бир кун келиб, телевидениедаги ўзбек ва рус шарҳловчилари ўрнига битта ўзим шарҳласам қанийди деган ўй. Лекин ёшлигимда бу ҳақда ўйламаганман.

Нега футбол ўйинларини шарҳламай қўйдингиз? Қачондир яна шарҳга қайтасизми ёки ТВни бутунлай тарк этдингизми?

- Ҳозир Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати бошлиғиман. Телевидениеда фақат кўрсатув ва ток-шоуларга меҳмон, мутахассис сифатида боряпман. Футбол шарҳлашга келсак, насиб этса, албатта...

Тез гапириб шарҳлашингизнинг сабаби нимада, футболчиларимизни тезроқ харакат қилишга ундайсизми?

- Футбол шарҳловчилигига таклиф этишганида ўқув кўрсатувидаги каби бамайлихотир гапирмаслик зарурлигини таъкидлашган эди. Шарҳда имкон қадар тез гапириш эса ўз даврининг етакчи спорт шарҳловчиси Николай Озеровдан ҳавас билан олганим хислатлардан бири.

Ҳаётдаги шиорингиз?

- Ёшликда танлаган шиорим: Сиз ва бизни омад тарк этмасин!

Инсонлардаги қайси ҳислатларни қадрлайсиз?

- Инсонлардаги самимият ва оқибатни кўпроқ қадрласам керак.

Касбингизни танлашга нима туртки бўлган?

- Касб танлашимга мактабимиздаги ўқитувчиларимиз туртки бўлишган, уларга минг бор қуллуқ!

Сизнингча, юртимиздаги энг яхши шарҳловчи ким?

- Ҳар бир шарҳловчининг ўз ижобий хислатлари бор.

Агар имкон берилса, яъни ортга назар солсангиз, қайси камчилигингизни тузатган бўлардингиз?

- Агар ортга қайтишнинг имкони бўлса, инглиз тилини яхшироқ ўрганардим.

Ўзбекистон футболи учун шу пайтга қадар нималар қилинди ва акси, ЖЧга қандай қилиб чиқамиз?

- Мустақиллик йилларида футболимизнинг моддий-техник базаси замон талаблари даражасига олиб келинди, кўплаб ареналар барпо этилди. Терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқиши учун хорижлик нейтрал ва моҳир мураббий керак. Шу билан бирга унинг хотиржам ишлаши учун имкон бериш зарур.

Энг севимли футболчингиз?

- Йохан Кройф

Аёллар футболига муносабатингиз?

- Аёллар футбол ўйнаса, майли. Лекин бокс ёки яккакурашлар билан шуғулланишини хушламайман.

Энг яқин инсонингиз?

- Болалагимда - бувижоним, кейин - отам раҳматлик, ҳозир – онажоним.

Футболимизга нима етишмайди? ЖЧга чиқишимиз учун коррупсия тўсқинлик қиладими?

- Агар футболчиларимизга муайян нимадир етишмаслигини билсак, аллақачон жаҳон чемпионатига чиқардик. Назаримда, футболчиларимизнинг маҳорати ва тайёргарлииги ҳозирча замонавий талабларга жавоб бермайди. Мураббийларимизга мустақиллик етишмайди.