Учқун Қобилов: Кубок ўйини “Динамо” учун Суперлига клублари билан кучини синаш имконияти

Ўзбекистон Кубоги 1/16 финал доирасидаги «Хотира-79» - «Динамо» (0:1) учрашувидан кейин «Динамо» жамоаси катта мураббийи Учқун Қобилов ўйин борасидаги фикрларини билдирди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

-Дастлабки турдаги Ҳаққулободдаги “Норин” билан баҳсдан кейин тақвимга кўра, “Динамо” жамоаси 2-турда дам олгани боис жамоамиз маълум муддат ўйин амалиётисиз қолгани бугунги баҳсда таъсирини ўтказмай қолмади. “Динамо” Про-Лигада бўлгани каби кубок баҳсларида ҳам фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушади. Кубок ўйинлари “Динамо” учун яхши имконият - Суперлига клубларига қарши майдонга тушиб, ўз кучимизга бўлган ишончни кўрсатишимиз, синашимиз мумкин. Бу катта тажриба бўлади. Ўтган 2017 йилги мавсумда “Динамо” яримфиналга қадар етиб келганди. Бу сафар ҳам Ўзбекистон Кубогида яхши натижа қайд этишни мақсад қилганмиз.

Ўйин давомида мезбон жамоа саналмиш “Хотира-79” клуби бизга жиддий қаршилик кўрсатди. Икки жамоа учун ҳам оғир кечган баҳсда Ўзбекистон Кубоги нимчорак финал босқичига йўлланма олганимиздан хурсандмиз. Йигитларимизга ўйин охиригача кураш олиб борганликлари учун миннатдорчилик билдираман.

Бугунги баҳсда жамоамиз сардори Илҳом Юнусовнинг иккинчи бўлим бошида жароҳат олгани сабабли ўйинимиздаги режаларимиз ўзгарди. Шу боис ўйин қўшимча дақиқаларгача давом этди ва энг асосийси ғалабага эришдик. Самарқандга қайтгач, Илҳом Юнусов тиббий кўрикдан ўтади ва унинг жароҳати қай даражада эканлиги маълум бўлади, – деди Учқун Қобилов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!