581

Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Қатар қироллик оиласининг вакили, Қатар футбол ассоциацияси президенти Шайх Ҳамад бин Халифа Аҳмад ал-Таний таклифига кўра Дохага жўнаб кетгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик.

ЎФА 1-вице-президенти Доҳада ЖЧ—2022 ташкилий қўмитаси раҳбарияти билан ҳам кўришиб, ЖЧга тайёргарлик бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан ҳам учрашди. Учрашув давомида Инфантино Ўзбекистонда футболни ривожи йўлида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан, ислоҳотлар билан яқиндан таништирилди. Шунингдек, Жаҳон чемпионатига тайёргарлик борасида амалга оширилаётган амалий ишлар борасида фикр алмашилди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда.

Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон миллий терма жамоаси олдига 2022 йил Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси қўйилгани, бу вазифани амалга ошириш учун тайёргалик ҳозирдан бошлангани ҳақида хабар бериб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Марокаш, Сенегал каби ЖЧ иштирокчилари бўлган бир қатор кучли рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ўтказилаётгани, футболчиларимиз бугун ҳам Осиёнинг грандларидан бири Эронга қарши майдонга тушганликлари таъкидланди.

Жанни Инфантино амалга оширилаётган бу чора-тадбирларни юқори баҳолаб, ушбу саъй-ҳаракатлар албатта ижобий самара беришини, Ўзбекистон ЖЧ-2022 га йўлланма олишига ишончи комил эканини айтиб ўтди.

Sports.uz 2018