Хавотирга не ҳожат?! "Зебраларни” қувлаб юборишга тайёр "Қироллик клуби” ҳақида

Мадриднинг ЕЧЛда кетма-кет иккинчи марта ғолиб бўлиш эҳтимоли қанча?

 "Реал"ни ЕЧЛ чемпиони сифатида кўра оламизми?

Албатта, бунинг учун ғалабанинг ўзига хос рецептини қўллаш керак: жамоа ичидаги якдиллик, футболчиларнинг энг яхши жиҳатларини уйғунлаштириш, бутун диққатни ўйинга қаратиш, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ва албатта, бир чимдим омад.

Йилнинг энг муҳим футбол оқшоми - ЕЧЛ финалига атиги бир кун қолди. "Ювентус" ва "Реал Мадрид" мухлислари интиқлик билан 3 июнь оқшомини кутишмоқда.

Келинг, бу тўқнашувнинг ўзига хос хусусиятларини бир бошдан сарҳисоб қиламиз.

Турли тахминлар - "эҳтимоллар назарияси".

Финал босқичида ҳар икки жамоа ғалабага бирдек даъвогарлик қилади. Иккала жамоанинг ҳам чемпионликни қўлга киритиш имкониятлари деярли баравар. Ғолиб бўлиш учун қандайдир мўъжиза рўй беришини кутиш эса ғирт аҳмоқлик. Финал остонасига етиб келгунича ҳар иккала жамоа ҳам етарлича меҳнат қилди, нимага қодир эканлигини кўрсатди. "Бавария", "Атлетико", ва “Барселона" каби Европанинг етакчи жамоаларини "четга суриб чиқаришди". Финалда қитъанинг энг кучли жамоалари куч синашишади. Хўш, имкониятлар даражаси тенг бўлса, муҳокамага не ҳожат?

Таркиб.

Дастлабки таркибдан кимлар жой олади? Албатта, ҳеч ким жароҳатлардан кафолатланмаган. Замонавий футболда топ клуб мураббийи жамоанинг икки хил таркибидан бирини танлаб олиши керак бўлади. Бу қоидадан "Реал" ҳам мустасно эмаслигини инобатга оладиган бўлсак, Мадрид етакчилари икки хил услубдан бирини қўллаш эҳтимоли бор.

а) 4-3-1-2

Бу услубнинг афзаллиги нимада? "Атлетико" қарши ўйинда мудофаани ёриб ўтишга бу услуб жуда асқатган эди. "Атлетико" ва "Ювентус" нинг ҳимоя ва қарши ҳужум борасида умумий жиҳатлари кўп эканлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу услуб финалда ҳам қўл келиши эҳтимоли бор. Бу таркибда Исконинг ўрни беқиёс. Аммо ўтган баҳсда Иско анчагина толиққандек кўринди, ҳал қилувчи вазиятларда "қовун тушириб қўйганини" айтмаса ҳам бўлади. Умид қиламизки, бу гал у маъсулиятни ҳис қилган ҳолда эс-ҳушини йиғиб олади.

б) 4-3-3

Финалгача Карвахаль ва Бэйлнинг тузалиб кетишига умид қилинмоқда. Бундай вазиятда Данининг таркибга қайтишига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бэйлнинг таркибга кириш-кирмаслиги борасида эса саволлар туғилади. Аввало шуни таъкидлаб ўтиш керакки, финалда ўз даврининг қаҳрамонлари тўп суради. Яқиндагина оғир жароҳатни бошдан кечирган ва мавсумнинг аксарият ўйинларида иштирок этмаган Гарет финалда талабга жавоб бера оладими? У иштирок этган ўйинларида ўзини кутилганидек намоён эта олмади, майдонга тушибоқ қизил карточка "соҳиби" бўлди. Аммо танганинг иккинчи томонини олиб қарайдиган бўлсак, Гаретнинг финалда нималарга қодир эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Унинг тезкорлиги ва чидамлилиги борасида ҳеч қандай эътирозга ўрин йўқ.

Ҳал қилувчи вазиятларда энг асқатувчи жиҳат бу- юқори тезлик. Бундай вазиятда эса Бэйлдан яхшироқ номзодни кўрсатиш қийин. Бошқа вариантлар бўла туриб, Зидан айнан BBC учлигига катта умид боғлаяпти. Лекин бу ҳар доим ҳам ўзини оқлармикан? Ушбу таркибда кўп нарса Модрич ва Кроосга боғлиқ бўлиб қолади.

Асосий таркибнинг кучли ва ожиз томонлари.

Ғалабага эришишнин ягона йўли бу - кучли жиқатларга кўпроқ урғу қаратиб, ожиз томонларини иложи борича яшириш. Шундагина жамоа ўзи учун "Чемпион" номини кафолатлаган бўлади.

Навас. Кейлор мавсум охирига келибгина "уйғонди". Зарбаларга муносиб жавоб қайтара бошлади. Узининг айнан шу жиҳатини финалда ҳам намоён эта олса, жамоа ишончини оқлаган бўларди. Рақиб жамоанинг прессинглари пайтида унда ишончсизлик сезилади. Мавсум аввалида йўл қўйган қўпол хатоларини кейинги ўйинларда "унутиб қолдиргаги" унинг ўз устида ишлаётганлигидан дарак беради. Яхшиямки, салбийдан ижобийга томон ўзгармоқда, тескариси бўлганда иш чатоқ бўларди. Ўзгаришлар чакки эмас.

Марсело. У мавсумни ҳар томонлама яхши ўтказди. Голли узатмалари билан барчани қувонтирди, ўзи ҳам бир неча голларни киритишга улгурди. "Реал"нинг ҳужум қисмида ўз ўрнига эгалигини исботлади. Фақатгина мудофаа ва ҳужум орасида мувозанатни сақлай олмаслиги гоҳида кўзга ташланиб қолади. Толиққани панд бериб қўяди. Карвахаль (майдонда 2 014 дақиқа) нинг ўрнини муайян сабабларга кўра Данило (1 488 дақиқа) эгаллаб турди. Марсело эса (2 277 дақиқа) бутун мавсум давомида алмашувларсиз ўйнади. 3 июнгача яхшигина дам олса, финалда бетакрор ўйин кўрсатиши тайин.

Рамос ва Варан. Марказий ҳимоячи сифатида мавсумни қониқарли бошлаб олишди. Кейинроқ эса омад улардан сал "аразлади" шекилли, ишлар бошқача тус ола бошлади. Француз жиддий жароҳат олди, ўз ўрнига қайтганига ҳам ҳали кўп бўлмади. Вараннинг ўзини йўқотиб қўйган ҳолатлари кузатилди. Рамос эса қайси томонга тўпни узатиш кераклигини "чалкаштириб" юбордиёв. Шуни ҳам унутмаслик керакки, марказий ҳимоянинг кучлилик даражаси фақатгина Варан ва Рамосга боғлиқ эмас. Марсело ўз вақтида ўрнини эгаллай олмаса, Каземиро рақиб зарбаларини қайтара олмай қолса, муаммо юзага келиши аниқ. Ўйиннинг энг хавфли нуқтаси ҳам айнан ҳимоя, чунки рақиб жамоанинг биргина аъзоси ҳамма ҳимоячиларни ёппасига довдиратиб қўйиши мумкин.

Тан олиш керак, Рамос ва Варан нималарга қодир эканлигини намойиш эта олишди. Юқори тезлик, вазиятни тўғри баҳолай олиш, ҳавода ҳам тўпни муваффақиятли қайтара олиш - буларнинг барчаси Рамос ва Варанга тааллуқли. Бутун жамоа диққатини бир жойга қарата олса, натижа чиқиши аниқ.

Карвахаль масаласида ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. У бутун борлиғи билан ўйнайди. У ҳар доим мадридизмнинг амалдаги ифодаси сифатида намоён бўлади. Карвахаль учун ўйиннинг аҳамиятлилик даражаси, миқёси эмас, натижа муҳим. Унинг нозик томони бу - жароҳатлар. Ҳал қилувчи вазиятларда жароҳат олиб, "қуённинг расмини чизиши" билан жамоани хуноб қилади. Финал ўйини бундай вазиятлардан истисно бўлади деган умиддамиз.

Каземиронинг вазияти ҳам Марселоникидан фарқ қилмайди. У бутун мавсум мобайнида алмашувсиз ўйнади. У ҳар доим майдоннинг қоқ марказида алоҳида кўзга ташланиб туради. Таянч ярим ҳимоячида бўлиши керак бўлган барча хусусиятлар унда мужассам. Аммо толиқиш унга қанчалик таъсир қилди? Бундай вазиятда у кўпроқ Хаби Алонсони эслатиб юборади. Ҳар ҳолда иккала бразилиялик ҳам ўзларидаги дам олиш учун бўлган фурсатдан унумли фойдаланишади деб ўйлаймиз. Барчаси кучни тўғри тақсимлай олишга бориб тақалади.

Кроос бутун мавсум мобайнида бир хил маромни сақлаб келмоқда. У ҳеч қачон ўзининг кучли ўйин тарзига “хиёнат қилмайди”. Финалда ҳам ҳайратланарли ўйин кўрсата олишига мухлисларнинг ишончи комил. У ҳар доим финал босқичларида "оддийроқ"  ўйинларга қараганда яхши натижа кўрсатади. Ким билади дейсиз, балки унга баҳснинг "салобат"и таъсир қилар?!

Модрич масаласига келадиган бўлсак, ишлар мақтагулик даражада эмас. Негадир бу мавсумда унинг шашти анчагина паст. Модричнинг нимадандир безовталиги яққол кўзга ташланиб турди. Айнан шу ўринда Зиданнинг "жамоанинг ҳар бир аъзоси қониқарли вазиятда", мазмунидаги гапларига шубҳа пайдо бўлади. Лукито финалнинг аҳамиятини ҳис этган ҳолда яхши ўйин кўрсатади деган илинжимиз йўқ эмас.

Роналду Зиданнинг ишончини тўла оқлади, десак хато бўлмайди. Апрель аввалидан лиганинг топ-5 талиги доирасида энг кўп гол киритган ҳам Роналду бўлди. "Бавария" ва "Атлетико" жамоаларини учтадан гол билан "сийлади". Тўғри, баъзида узатмаларда хатолар бўлиб туради. Лекин КриРо ҳар қандай вазиятда ўз вазифасини қойилмақом қилиб бажара олади.

Бензема эса бутун мавсумни "ширин уйқу оғушида" ўтказди. Фақатгина икки марта: декабрда ҳамда "Атлетико"га қарши ярим финал баҳсида уйғонди, холос. Бенземанинг иштиёқи суст негадир. Аввалги жиддий тўқнашувларда ўзини яхши кўрсата олганигина унинг финалда жамоа ишончини оқлай олишига умид пайдо қилади. Лекин бундай “бемалолхўжа”ни майдонда кўриш аксарият “Реал” мухлисларига ёқмаслиги аниқ.

Таркибнинг энг аҳамиятли аъзолари: Иско ва Бэйлга тўхталадиган бўлсак, улар ўйиннинг асосий юкини елкаларида ушлаб туришибди. "Реал" мухлислари Искони ўйин аввалидаёқ кўришни исташади. Ахир, у бунинг учун озмунча тер тўкдими?! Айнан у Зиданни жамоанинг майдонда эгаллаб турган позициясини ўзгартиришга ундади ва бунинг уддасидан чиқди ҳам. "Атлетико", "Сельта", "Малага" билан билган тўқнашувларда Иско ўзини ҳар томонлама кўрсата олди.

Бэйлнинг финалдаги иштироки борасидаги ҳар қандай эътирозлар ортиқча. У ўз қадрдон стадионида, қадрдон мухлислар қаршисида тўп суради. Унинг майдонга қачон чиқиши масаласида эса, энг яхши пайт бу - "Ювентус" ҳимоячилари ҳолдан тоя бошлаганида. Айнан ўшанда унинг тезкорлиги жамоа манфаати учун хизмат қилади. Умид қиламизки, Бэйл майдонда ўзини "одобли" тутади ва қизил карточкалар билан сафдошларини "қувонтирмайди".

Хулоса ўрнида. "Ювентус" устидан ғалаба қилиш учун "Реал"га нима керак. Яна ўша муваффақиятнинг анъанавий  рецепти: жамоа ичида якдиллик, ҳар бир футболчининг шахсий устунликлари, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари ва бир чимдим омад.

Жамоанинг ҳар бир аъзоси ўзига хос ва бетакрор ўйин кўрсата олишга қодир.

3 июнь оқшоми "Реал Мадрид" ва унинг ишқибозлари учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлишини кутиб қоламиз. Олға, "Реал"!

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!