ЎФФ вакиллари Қўқонга келишди

 

Келаётган футбол мавсумида ЎФФ томонидан  жамоалар олдига катта талаблар қўйилган. Айни кунларда федерация вакиллари вилоятларга чиқиб жамоаларда ушбу талаблар бўйича қандай ишлар олиб борилаётгани билан қизиқмоқда.

7-8 январь кунлари Асқар Толибжонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қўқонга ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад “Қўқон-1912” жамоасида мавсумга тайёргарлик жараёнлари қандай давом этаётгани билан танишиш, керакли кўрсатма ва маслаҳатларни беришдан иборат эди, дея маълум қилади клуб матбуот хизмати. 

Меҳмонлар Қўқондаги “Марказий” стадионида бўлиб бу ерда давом этаётган ишлар билан яқиндан танишдилар. Стадионда футболчилар, матбуот ходимлари, юқори мартабали меҳмонлар ва мухлисларга яратилаётган шароитларни ўрганиб, ўзларининг керакли маслаҳат ва тавсияларини бердилар. Айни кунларда “Марказий” стадионда таъмирлаш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Мутахассислар стадион майдонининг ҳолатини яхшилаш борасида жиддий таклифларни ўртага ташладилар.

Шунингдек, федерация вакиллари “Қўқон-1912” жамоасига қарашли футбол мактабларида, Учкўприк туманидаги стадионда ва Қўқон шахар 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ҳам бўлдилар.  “Қўқон-1912”нинг аёллар жамоаси ва мини футбол жамоалари тўп сурадиган стадион ва спорт залларида яратилган шароитларни ўрганган меҳмонлар, бу ерларда қилиниши лозим бўлган вазифаларни белгилаб беришди.

ЎФФ вакиллари  “Қўқон-1912” футбол клуби офисига ташриф буюриб клуб раҳбарияти билан суҳбат ўтказдилар ва тегишли меъёрий ҳужжатлар билан танишиб чиқдилар.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!