Осиё чемпиони Акрамжон Комиловнинг онаси билан эксклюзив интервью

8 март халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси сафида Осиё чемпионлигини қўлга киритган “Бунёдкор” клуби ҳимоячиси Акрамжон Комиловнинг онаси Муҳайёхон Маматжонова билан суҳбат ташкил этилди.

- Муҳайёхон опа, ўғлингизнинг ўйинларини кузатасизми?

- Тўғрисини айтсам, Акрамжоннинг ўйинларини ўтириб кузата олмайман. Ҳаяжонланаман, юрак дов бермайди, лекин ҳовлида юриб, дуода бўламан. Мунтазам тарзда уйга кириб ҳисобдан хабар олиб тураман. Оналарга қийин. Фарзанди учрашув давомида жароҳат олиши ва бошқа ҳолатлар кузатилиши мумкин.

- Яқинда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Хитойда чемпионликка эришди. Мана шу чемпионатда финални бўлса ҳам томоша қилишда ўзингизда куч топа олдингизми?

- Ўғлимнинг ўйинларини деярли кўрмайман. Хитойдаги ҳал қилувчи беллашув пайти ҳам ташқарида дуода юрдим.

- Ўғлингиз жароҳат олганини кўриб ёки эшитсангиз ҳаёлингиздан қандай кечинмалар ўтади?

- Она бўлганим учун бунақа вазиятларни кўриш жуда оғир. Яқинда Хитойдаги чемпионатнинг биринчи учрашувида жароҳат олди. Баҳс тугагач, бизга интернет орқали ўғлимнинг ногиронлар аравачасида ўтирганини расмга олиб юборишибди. Кейин ўзи билан телефон орқали гаплашдик. У ҳаммаси жойида эканлигини айтди. Шунақа паллада ўзимиздан ўтганини ўзимиз биламиз. Игнани устида ўтирдик. Айниқса, фарзандингиз узоқда жароҳат олган ҳолатни гапирмаса ҳам бўлади.

- Ўғлингизнинг биринчи маоши эсингиздами? Қанча ойлик олганди?

- Адашмасам, биринчи лигада тўп тепиб юрган пайтлари 28 ёки 29 минг маош олганди. Ўша пулларни уйга олиб келиб, дадасига берган. Умуман олганда, ҳар доим ойлигини уйдагиларга юборади.  

- Акрамжон сизга 8 март, туғилган кунингизда ёки бошқа байрамларда қандай совға беради?

- Туғилган куним ёзда тур баҳсларига тўғри келади. Шунинг учун ўғлим кела олмайди, аммо Тошкентдан сюрприз қилиб ширинликлар, гул, кийимлар юборади. Ҳеч қачон бундай саналарни эсдан чиқармайди. Қолавреса, бошқаларни ҳам қуруқ қўймайди.      

- Сиз учун Акрамжон тақдим этган совғалар ичида энг қадрлиси ва унитилмас бўлгани қайси бири?

- Аввало, ўзининг соғ-саломат юргани, яхши жамоаларда тўп тепгани бизга совға. Шунинг учун айнан қайсинидир ажратиш қийин, лекин ўтган йили туғилган кунимда уйдагиларга билдирмай, Қўқондаги танишлари орқали тўрт ва қизил атиргулнинг устига Онам деб ёздириб юборган. Шу пайт анча қувонганман. Фарзанднинг бундай иньомларини сўз билан тушунтириш қийин.    

- Акрамжоннинг ўйинларини оила даврасида муҳокама қиласизларми?

- Албатта, нафақат беллашувлар пайтида, балки телефон қилиб ҳар куни унга ўз маслаҳатларимизни берамиз. Баъзида кунига икки уч марта гаплашамиз. Умуман олганда, Акрамжонниг ўйинлари биз учун кун мавзуси.

- Оилада нечта фарзанд бор? Бошқалар ҳам спорт билан шуғулланадими?

- Учта фанзандим бор. Катта ўғлим, Акрамжон ва битта қизим. Болаларимнинг отаси уларни ёшлигидан бокс, каратэга бердилар. Лекин Акрамжонга футбол устунлик қилиб шу соҳани танлади. Оиламизда спорт билан шуғулланадиган бошқа инсон йўқ.

- Фарзандингиз анчадан бери уйдан узоқда. Соғинч ҳиссини қандай енгасиз?

- Олдин Фарғонада ўқигани учун ҳар ҳафта келиб турарди. Ҳозир Тошкентда фаолият олиб боради. Шунинг учун камроқ кўришамиз. Мураббийлар бир кунга дам берса ҳам ўша куни уйга келиб кетади. Бошқа пайтлари интернет орқали кўришиб, гаплашиб турамиз.

- Акрамжоннинг уйланадиган пайти келди. Келинни ким танлайди, сизми ёки ўғлингиз?

- Ундан олдин акаси бор. Шундан кейин Акрамжонга навбат келади. Ўғлимнинг мухлисалари кўп. Улар тинмай совғалар билан йўқлаб туришади. Қўқонда ва Тошкентда мухлисалари етарли. Хатто яқинда Хитойда чемпион бўлиб қайтишганда кутиб олгани бир қанча қизлар ҳам келган. Лекин менга қизни ўзиз топасиз деб айтган.  

- Футболчиларнинг оналарига тилакларингиз...

- Ҳамманинг фарзанди биринчи ўринда соғ-саломат юрсин. Ота-оналар фарзандлари орқасидан фақат яхши гаплар эшитсин. Биз ҳам доим болаларимизнинг қувончларини кўриб юраверайлик. Барчанинг омадини берсин.

- Байрамингиз билан!!!

- Раҳмат, саломат бўлинг.

Ўз навбатида, сайтимиз ижодий жамоаси номидан барча хотин-қизлар, аёллар ва онажонларимизни 8 март халқаро хотин - қизлар байрами билан табриклаймиз!!!

Бекзод ИСАЕВ суҳбатлашди

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!