ПРО-лига: "Сурхон"га янги раҳбар тайинланди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Сурхондарё футбол федерацияси ҳодимлари ва "Сурхон" ПФК жамоаси футболчилари билан йиғилиш ўтказди.

Сурхондарё вилоти ҳокими Эркинжон Турдимов бугун Вилоят ҳокимият мажлислар залида "Вилоятда спортни янада ривожлантириш ва 2018 йилда амалга оширилиши керак бўлган режалар билан яқиндан танишиш" мақсадида вилоят спортига алоқадор бўлган барча мутасадди ҳодимлари билан йиғилиш ўтказди. Шунингдек ушбу йиғилишда бир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишни Эркинжон Турдимов очиб берди ва қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:

- Спортни ривожлантириш мақсадида вилоятда 2017 йилда бир қатор ишлар амалга оширилди. Вилоятдаги "Алпомиш" ўйингоҳи қайта таъмирдан чиқарилди. Стадионда футболчилар ва муҳлислар учун барча шарт - шароитлар яратиб берилди. "Сурхон" футбол жамоасининг Ўзбекистон миллий чемпионатларида мунтаззам қатнашиши таъминланди. "Сурхон" футбол клубига Хитойнинг "ANKAI" фирмаси томонидан янги автобус олиб келинди. "Алпомиш" спорт мажмуаси футболчилар учун база сифатида хизмат қилди. 2017 йилда "Сурхон" жамоасининг Ўзбекистон биринчи лига(ПРО-ЛИГА)сида қатнашиши учун жами 2 млрдга яқин пул сарфланди.

Эркинжон Турдимов бир қатор танқидий фикрларни ҳам айтиб ўтдилар.
"Сурхон" жамоасига барча имкониятлар яратилишига қарамасдан Олий лига(Супер лига)га чиқиш вазифасини удаллай олмадик. Бунда жамоа раҳбарлари ва футболчиларнинг айби бор эканини таъкидлаб ўтдилар. Биз ўтган йилги ҳато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, бу йили жамоа олдига фақат Ўзбекистон Супер лигасига чиқиш вазифасини қўямиз. Жамоа футболчиларига фақат ғалаба учун тўп суришларини, уларга моддий томондан барча имкониятларни яратиб беришини айтиб ўтдилар.

2018 йилги мавсум бошлангунга қадар Сурхондарё "Воҳа кубоги"ни ташкил этиш керак эканлигини, қўшни Афғонистон ва Тожикистон давлатларидан ҳам жамоалар таклиф қилиш керак эканлигини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Эркинжон Оқбўтаевич фан - клуб аъзолари билан ҳам бир қатор фикрлар алмашдилар.

Футбол энг аввало муҳлислар учун ўйналади. Муҳлислик мадниятига ҳам алоҳида эътибор қаратишимиз керак. Фан - клуб аъзолари сонини янада кўпайтириш керак. Оддий мисол тариқасида "Исландия" фанатларини эсга олайлик. Дунёдаги кичкина бир давлат ўзининг муҳлислик маданияти билан бутун дунёни лол қолдирди. Шундан сўнг барча давлатларда шу усулда қўллаб-қувватлаш анъанага айланди. Биз ҳам мана шунақа янги ғоя ўйлаб топишимиз керак дейди -Эркинжон Турдимов.

Йиғилиш сўнгида "Сурхон" футбол клубига янги раҳбар тайинланди.

Ўтган йили жамоа раҳбари лавозимида ишлаган Эркин Холбобоев ўз лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнида жамоа раҳбари этиб Хайрулла Нуруллаев тайинланди.

Бундан ташқари "Динамо" жамоаси мураббийи Акмал Хасанов, "Денов" жамоаси ёрдамчи мураббийи Бегзод Азимов, Сурхон футбол клуби аъзоси Сарвар Холматов ва Жўрабек Рўзиев, Сурхондарё вилоят федерацияси хаками Фарходжон Ражабовлар ўз фикр мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Ўтган йили жамоани бошқарган Сергей Ковшов "Цементчи" жамоасига ёрдамчи мураббий бўлиб ўтганлиги сабабли, жамоага тез кунларда янги бош мураббий тайинланади.

Йиғилганларга вилоят хокими Эркинжон Турдимов 2018 йилда омад ва зафарлар тилади. Шу тариқа йиғилиш ўз ниҳоясига етди.

 Элёр Узаков

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!