Жиззахда бўлиб ўтган "Баркамол авлод-2017" спорт ўйинларининг очилиш маросимидан фоторепортаж

Жиззах шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” республика спорт мусобақалари бошланди. 
Илк бор Жиззахда, сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Тошкент, Сурхондарё ва Наманган вилоятларида ўтказилган “Баркамол авлод” ёшлар спорт ўйинлари руҳи ва нафаси бугун яна Жиззах заминида ҳукмрон. 
“Баркамол авлод” нафақат спорт байрами, балки ёшлар ўртасида дўстлик ришталарини тараннум этувчи, уларни ягона мақсад сари руҳлантирувчи беқиёс кучга айланиб бормоқда. 
Мамлакатимизда йўлга қўйилган уч босқичли тизим – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари улғайиб келаётган навқирон авлод онгига соғлом турмуш тарзини болаликдан бошлаб чуқур сингдиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда. 

Жиззах шаҳри камалакнинг барча рангларини ўзида мужассам этган бетимсол қиёфа касб этди. Бу минглаб чироқлар ёғдусида акс этган мафтункор манзара мамлакатимизнинг барча соҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, ҳаётимизнинг янада сермазмун бўлиб бораётганининг ўзига хос рамзига айланди. 
Нурларга бурканган шаҳарнинг “Сўғдиёна” стадионига элтадиган Шароф Рашидов шоҳкўчаси, Алишер Навоий кўчаси бу байрамона манзаранинг марказини ажиб тарзда бирлаштириб, гўзаллик бағрида гўзаллик яратган. Боиси шу иккала кўча ўртасида жойлашган “Сўғдиёна” стадионида катта спорт байрами – “Баркамол авлод – 2017” финал мусобақаларининг тантанали очилиш маросими ўтади. 
“Баркамол авлод – 2017” жиззахликлар учун алоҳида аҳамиятли воқеадир. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган ва ёшларимизнинг севимли спорт анжуманига айланган уч босқичли спорт мусобақаларининг ўрта бўғини – “Баркамол авлод” биринчи мусобақаси Жиззахда бошланганини жиззахликлар ҳамон илиқ таассуротлар билан эслайди. 
Орадан йиллар ўтиб, ушбу йирик нуфузли тадбир – ёшлик, баркамоллик, нафосат ва бирдамлик байрами – “Баркамол авлод – 2017” мусобақаларига мезбонлик қилаётган Жиззах янада чирой очди.  

“Баркамол авлод – 2017” мусобақаларининг очилиш маросими ўтаётган замонавий спорт мажмуаси кейинги уч йилда барпо этилди. Унинг таркибида ўн минг томошабин ўринли “Сўғдиёна” стадиони, енгил атлетика, сузиш ва гимнастика заллари, матбуот анжуманларини ўтказиш учун конференц зал ва бошқа қулайликлар мужассам этилган. 
...Ниҳоят, орзиқиб кутилган дақиқалар келди. Спорт ихлосмандлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари билан тўлган стадион узра “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларининг чорлов садолари янграйди. 
Майдонга Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар, Тошкент шаҳри терма жамоалари кириб келади. 
Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларини очиқ, деб эълон қилади. 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинлари иштирокчиларига табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттиради. 
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди. 
Давлатимиз байроғи кўтарилади. 
“Баркамол авлод” спорт ўйинлари байроғи ҳилпирайди. 
“Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақалари иштирокчилари бўлажак беллашувларда ҳалол ва муросасиз курашишга тантанали қасамёд қилади. 
...Стадионга Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган "Физика-Қуёш" илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтининг қуёш ўчоғидан аланга олдирилган “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларининг машъаласини кўтарган йигит ва қиз кириб келади. 
“Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинлари оловини бокс бўйича икки карра Олимпия ўйинлари иштирокчиси Хуршид Тожибоев ва дзюдо бўйича Осиё чемпиони Ирода Абдураҳмонова ёқади. 
Томошабинларнинг ҳаяжонли хитоблари, гулдурос олқишлари билан кутиб олинган ушбу аланга ёшларимизнинг қайноқ қалби, ёниқ орзу-интилишлари рамзи сифатида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг “Баркамол авлод – 2017” мусобақалари давомида порлаб туради. 
Мутахассислар ва кенг жамоатчилик томонидан “Кичик Олимпиада”, деб таърифланган уч босқичли узлуксиз спорт тизими мусобақалари Олимпия ўйинлари қоида ва талаблари асосида ўтказилади. Эътиборлиси, “Баркамол авлод” спорт мусобақалари биринчи марта Жиззах вилоятида спортнинг 8 тури бўйича (баскетбол, волейбол, футбол, енгил атлетика, миллий кураш, белбоғли кураш, теннис ва сузиш) ташкил этилганди. Бу йилги мусобақаларда спортнинг ўн етти – баскетбол, волейбол, футбол, қўл тўпи, оғир атлетика, дзюдо, юнон-рум кураши, эркин кураш, бокс, сузиш, таэквондо, енгил атлетика, бадиий гимнастика, теннис, стол тенниси, бадминтон ва шахмат турлари бўйича ўтказилмоқда. 
Ушбу мусобақа мамлакатимизда ёшларни халқимиз орзу қилган баркамол инсонлар қилиб тарбиялашда эришаётган ютуқларимиз намойишидир. Бугун мусобақада иштирок этаётганлар ўз соҳалари бўйича пухта билим олган, замонавий ахборот технологияларини ўзлаштирган, хорижий тилларни яхши биладиган, билимли, юксак маънавиятли ва айни пайтда жисмонан соғлом ёшлар вакилларидир. Бундай марраларга эришишда давлатимиз томонидан болалар спортини ривожлантиришга кўрсатилаётган катта ғамҳўрлик муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. 
Болалар спортини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътиборнинг амалдаги самаралари – ёшларимизнинг жаҳон ва қитъа миқёсидаги нуфузли мусобақаларда қўлга киритаётган ютуқлари билан ҳақли равишда фахрланамиз. Бугун Ватанимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилаётган спортчилар орасида уч босқичли спорт тизимидан етишиб чиққан ёшлар кўпчиликни ташкил қилади. Мазкур уч босқичли ноёб спорт тизими мутахассислар томонидан янги педагогик технология сифатида эътироф этилиб, бугун кўплаб давлатлар уни катта қизиқиш билан ўрганаётир. 
“Баркамол авлод” спорт мусобақалари еттинчи маротаба ўтказилмоқда. Мусобақанинг мамлакат босқичида туман, шаҳар, вилоят миқёсидаги беллашувларда ўз иқтидори ва қобилиятини намоён этган энг сара спортчилар қатнашмоқда. “Баркамол авлод” беллашувларида қайд этилаётган натижалар, кўрсаткичлар, рекордлар йилдан-йилга ўсиб бораётгани ёшларимизнинг спортдаги салоҳияти юксалаётганидан далолатдир. Аҳамиятли жиҳати, мусобақалар Ўзбекистон ёшларининг дўстлик ва бирдамлиги рамзига, нафосат ва гўзаллик байрамига айланиб бормоқда. 
Ушбу мусобақаларга мезбонлик қилаётган Жиззах вилоятида спортни ривожлантириш, айниқса, болалар спортининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг жисмонан соғлом бўлиб вояга етиши учун қулай шароит ва кенг имкониятлар яратишга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён ўтган даврда вилоятда ўнлаб спорт иншоотлари, жумладан, болалар мусиқа ва санъат мактаблари қурилиб, фойдаланишга топширилди. 
“Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларига тайёргарлик ишларида вилоят аҳли бир тану бир жон бўлиб қатнашди, десак, муболаға бўлмас. Бундай жипсликни, уюшқоқликни бугун вилоятда қад ростлаган кўплаб спорт иншоотлари, қайта реконструкция қилинган бинолар, обод хиёбон ва кўчалар намойиш қилиб турибди. 
Президентимизнинг Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, Жиззах шаҳрини бош режа асосида қайта қуришга бераётган эътибори туфайли “Сўғдиёна” стадиони жаҳон андозалари даражасида янгидан қурилиб, бир неча спорт тури билан шуғулланиш имконияти яратилган спорт залини ўз ичига олган спорт мажмуаси барпо этилди. Вилоят марказидаги “Ёшлар шаҳарчаси”, “Истиқлол” болалар боғи, “Ўрда” ёшлар экологик боғида ҳам катта ҳажмда реконструкция ишлари амалга оширилди. 
“Баркамол авлод” мусобақалари дастурига киритилган спорт турлари бўйича иншоотлар, иштирокчилар жойлаштириладиган меҳмонхона, ётоқхона ҳамда бошқа ижтимоий-маиший объектлар замонавий андозаларда таъмирланиб, жиҳозланди. Жумладан, Жиззах олимпия захиралари коллежи, Жиззах политехника институти, шу институт қошидаги 1-сон академик лицейи спорт залларида, бир қатор коллежларнинг турар жойлари ва спорт заллари, иншоотларида кенг кўламдаги таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. 
“Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинларининг финал босқичи қатнашчилари учун қизиқарли ва кўнгилочар тадбирларга бой маданий дастур тайёрланди. Унда таниқли спортчилар, ёзувчи ва шоирлар, санъат намояндалари билан учрашувлар, диққатга сазовор жойларга саёҳатлар, турли концертлар, бадиий фильм ва саҳна асарлари намойишлари, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан таништириш сингари тадбирлар кўзда тутилган. 
...Майдонга мусиқа садолари остида ранг-баранг либослардаги спортчилар, таниқли эстрада хонандалари кириб келади. Улар ижро этган саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақсларда Ўзбекистон ёшларига хос интилиш, ғайрат-шижоат, жўшқинлик ва нафосат намоён бўлади. Мамлакатимизнинг истеъдодли ёш авлоди вакиллари ёрқин театрлаштирилган томоша намойиш этади. 
“Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақалари ўйинларининг тантанали очилиш маросими катта концерт дастури билан якунланди. 
“Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақаларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов иштирок этди. 

Манба:uza.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!