232

 

Параканоэ бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг беш нафар аъзоси Жаҳон кубоги баҳсларида иштирок этиш учун Венгриянинг Сегед шаҳрига жўнаб кетишган эди.

Ушбу мусобақада жаҳоннинг 60 та давлатдан параканоэчилар қатнашмоқда. 200 метр масофага ўтказилган беллашувларда бир неча спортчимиз стартга чиқди ва уларнинг бири совриндорлар қаторидан ўрин олишга муваффақ бўлди.

Азизбек Абдухабибов КL-2 йўналишидаги қайиқда ўз маҳоратини намойиш этиб, А финалда 3-ўринни қўлга киритди ва бронза медалига сазовор бўлди. KL-3 йўналишидаги қайиқда Б финалда иштирок этган Павел Сулаймонов бешинчи ўринни эгаллади. Ҳудди шу йўналишда яна бир спортчимиз Ҳасан Қўлдошев тўққизинчи ўриндан жой олди.

Жаҳон кубоги доирасидаги беллашувлар ўзига ҳос шиддат билан давом этмоқда. Бугун, 19 май куни баҳсларда яна икки спортчимиз ўз омадини синаб кўради. Аёллар ўртасида А финалда Шаҳноза Мирзаева КL-3 йўналишдаги қайиқда стартга чиқади. Шунингдек, эркаклар ўртасида А финалда VL-3 йўналишдаги қайиқда Ҳайитмурот Шерқўзиев ўз омадини синаб кўради.

Мусобақада спортчиларимиз тажрибали мураббийлар Элдор Яхшибоев ва Ниёзхўжа Тешабоев қўл остида иштирок этмоқдалар. 

Sports.uz 2018