2128

Гарчи медаль ололмаса ҳам аллақачон машҳурлик чўққисига чиқиб бўлган тонгалик атлет Пита Тауфатофуа бугун Пхёнчхан Олимпиадасида чанғи пойгасида эркаклар ўртасида 15 километрга ўтказилган пойгада иштирок этди. 

116 иштирокчи орасида Пита 114-бўлиб марра чизиғини кесиб этди. Муҳими ғалаба эмас, иштирок! Мана шу шиорни ўзига байроқ қилиб олган тонгалик қаҳрамон мусобақадан кейин журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб ўтаркан яна бир карра барчамизни ҳайратга солди. Эмишки, энди у Токио Олимпиадасида сузиш йўналишида иштирок этишни ният қилган! Ажабланарлиси – сузиш спортида!

Маълумот учун эслатиб ўтамиз, Пита Тауфатофуа Рио Олимпиадасида таэквондо йўналишида иштирок этиб биринчи даврадаёқ мусобақадан хайрлашган эди. Шундан кейин чанғида юришни ўрганиб, Пхёнчхан Олимпиадасида иштирок этди. Ана энди у ўз "репертуарига" сузиш спортини ҳам қўшмоқда.

"3 Олимпаида ва 3 хил спорт туридаги иштирок. Кўрамиз, бунинг имкони қандай бўларкин. Токио-2020 – менинг эндиги асосий мақсадим" – дея ўз сўзига изоҳ бермоқда 33 ёшли спортчи.  

Нима ҳар дердик, омадини берсин. Пита сўзининг устидан чиқса, Токио Олимпиадасининг очилиш маросимида ҳам мана шундай чиқиши билан барчамизни хайратга солса керак.

Суратнинг чап томонида 15 даража совуқда Пхёнчхан Олимпиадасида, ўнг томонда эса тахминан шунча даража илиқ ҳавода Рио Олимпиадаси очилиш маросимларида Тонга миллий кийимидаги  чиқишлар!

Sports.uz 2018