Самарқандда "Умид ниҳоллари-2018" мусобақасининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди

Кеча Самарқанд шаҳрида «Умид ниҳоллари-2018» мусобақасининг ҳудудий босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси расмий сайти хабар бермоқда.

Мусобақа давомида муваффақиятли иштирок этган спортчи-ўқувчилар турли даражадаги диплом, медаль ва кубок билан тақдирландилар. Умумжамоа ҳисобида пешқадамликни қўлга киритган Самарқанд шаҳар жамоаси Президент совғаси ҳисобланган «Дамас» автомашинаси калити топширилди.

Маросим давомида турли спорт чиқишлари, эстрада хонандаларининг куй-қўшиқлари йиғилганларга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

Маълумот учун, мусобақанинг саралаш босқчиларида вилоятнинг 1200 умумтаълим мактабларидан 474 мингга яқин ўқувчи-спортчилар ўз маҳоратларини намойиш этишди. Шаҳар ва туман босқичларида муваффақиятли қатнашган 3500 нафарга яқин ўқувчи (шулардан 1200 га яқини қизлар) вилоят босқичида спортнинг 21та тури бўйича беллашувларда кураш олиб боришди.

Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Умид ниҳоллари” спорт ўйинлари олдингиларидан оммавийлиги билан ажралиб турди. Унда ўн бир йиллик таълим тизими жорий этилиши натижасида юқори синф ўқувчилари ҳам иштирок этди. Шунингдек, бу йилги спорт ўйинлари дастурига миллий кураш, турон якка кураши, белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати турлари ҳам киритилди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!