570

Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг янги раҳбарияти мамлакатимизда ушбу спорт турининг оммавийлигини ошириш, ёшларни каратэга янада қизиқтириш йўлида ислоҳотларни бошлаб юборган. Бу борада кадрлар масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бунгача Самарқанд вилояти каратэ федерациясида конференция ташкил қилиниб, юзага келган муаммолар, камчиликлар кўтарилган ва якунда вилоят каратэ федерациясига янги раҳбар тайинланганди.

Бугун ана шу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида навбатдаги йиғилиш ташкил қилинди. Ўзбекистон каратэ Миллий федерациясининг ташаббуси билан саккиз йилдан буён фаолияти тўхтаб қолган Тошкент шаҳар каратэ федерацияси қайта тузилди ва яна фаолият олиб борадиган бўлди. Қайд этиб ўтиш лозимки, ўз вақтида мазкур федерация ўзбек каратэсининг асосий бўғини ҳисобланарди, аммо сўнгги саккиз йилда ташкилот фаолияти тўхтаб қолганди.

Қайта жонлантирилган федерацияга Алижон Ҳамроев раҳбар этиб сайланди. Қаҳрамон Деҳқонов ва Дониёр Қурбонбоев вице-президент лавозимида иш олиб борадилар. Ҳусниддин Сопиев эса Тошкент шаҳар терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритади. Йиғилишда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган 40 нафардан ортиқ мураббий, ҳакам ва каратэ фидойилари иштирок этди.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон каратэ федерацияси ижрочи директори Отабек Қосимов мамлакат пойтахтида федерация йўқлигининг ўзи каратэ спортнинг қай аҳволга келиб қолганидан далолат бериши, бундан буёғига янги ташкил этилган федерация олдига жиддий талаблар қўйилиши, иш тизими тубдан қайта кўриб чиқилиши ҳақида гапириб ўтди.

Sports.uz 2018