Таэквондочиларимиз Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашишмоқда

Вьетнамнинг Хо Ши Мин шаҳрида таэквондонинг WТ йўналиши бўйича катталар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда. Бугун мусобақанинг иккинчи кун беллашувлари якунланиб, унда терма жамоамиз ваиллари 4 та медални қўлга киритишга эришдилар. 

Аёллар ўртасида 69 килограммгача кечган баҳсларда Нигора Турсунқулова барча рақибларини мағлубиятгач учратиб, олтин медалга сазовор бўлди. Ҳал қилувчи беллашувда Турсунқулова иорданиялик рақибасидан устун келди. 

Шунингдек, Жасур Бойқўзиев (-87 кг) финалгача бўлган йўлни муваффақиятли босиб ўтиб, ҳал қилувчи беллашувда имкониятни бой бериб қўйган бўлса, Сардор Тоиров (-63 кг) ҳамда Максим Рафалович (-80 кг) шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олишди. 

Шу тариқа, терма жамоамизнинг ушбу Осиё чемпионатида қўлга киритган медаллари 2 та олтин, 1 та кумуш ва 4 та бронза, жами 7 тага етди. Эртага бўлиб ўтадиган оғир вазн тоифасидаги баҳсларда Дмитрий Шокин (+87 кг) ҳамда Светлана Осипова (-73 кг) юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!