Ёш полвонларимиз Тампере гиламларида Жаҳон чемпионлиги учун курашишади

1-6 август кунлари Финляндиянинг Тампере шаҳрида спорт курашлари бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг 13 нафар аъзоси ҳам иштирок этади. Эркин ва юнон-рум курашлари бўйича терма жамоаларимиз таркибига бештадан спортчи киритилган бўлса, аёллар курашида 3 нафар қизимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Тажрибали мутахассис Равшан Рўзиқулов устозлигидаги юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз таркиби ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати кумуш медаль соҳиби Илҳом Баҳромов, 2015 йилги Осиё чемпиони Тўрабек Тиркашев, қитъа чемпионати бронза медали эгаси Маҳмуд Баҳшиллоев, Осиё чемпионатининг кумуш медаль совриндори Жалгас Бердимурадов ва жорий йилда қитъа чемпионлигига эришган Темур Мирзо Мамажоновлар ҳисобига тўлдирилди.

Эркин кураш бўйича терма жамоамизга Александр Недорезов ва Олимжон Ҳикматовлар устозлик қилишади. Таркибга эса жаҳон чемпионати кумуш медали соҳиби Ғуломжон Абдуллаев, делегациямиз таркибида спортнинг ушбу тури бўйича Рио-2016 Олимпия ўйинларининг энг ёш полвони сифатида ном қозонган Аббос Раҳмонов, 2017 йилги Осиё чемпионати кумуш медали соҳиби Иса Шапиев, унинг эгизаги - қитъа чемпионатининг бронза медали эгаси Жавраил Шапиев ва Осиё чемпиони Ҳасанбой Раҳимовлар киритилишган.

Ва ниҳоят аёллар кураши бўйича ташкил этиладиган мусобақаларда Осиё чемпионатининг бир йўла уч нафар бронза медаль соҳибалари Шаҳодат Джулибаева, Хадича Нажимова ва Набира Есенбаевалар юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Қизларимизга жаҳон чемпионатида Аҳмет Кагарманов устозлик қилади.

Маълумо т ўрнида, делегациямиз аъзолари эртага, 29 июль куни кечқурун Финляндияга жўнаб кетишади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!