“Australian open-2017”: Финалда икки буюк теннисчи тўқнашади

 

Австралия очиқ чемпионатининг эркаклар ўртасидаги иккинчи ярим финалида испаниялик Рафаэль Надаль Болгария вакили Григор Димитров билан ўзаро куч синашди.

Бу икки машҳур теннисчининг ўзаро тўққизинчи учрашуви бўлди. 2009 йилдан буён бир бирига тўқнаш келаётган теннисчилар баҳсида Надаль қаторига етти марта зафар қучган. Бироқ, ўтган йили "China Open - 2016" турнирининг чорак финалида Григор рақибини енгиш усулини топган.

"Катта дубулға" турнири доирасида иккинчи маротаба тўқнаш келган теннисчиларнинг бу галги баҳси ҳам кескин ва муросасиз курашларга бой бўлди. Учрашувни испаниялик ракетка устаси ғалаба билан бошлаганига қарамай, қолган партияларда ютуқ галма-гал бўлди 6:3, 5:7, 7:6, 6:7. Бешинчи сет олдидан умумий ҳисоб - 2:2.

Ниҳоят ҳал қилувчи раундда Рафаэль Надалнинг бой тажрибаси иш берди ва у сетни 6:4 ҳисобида ўз фойдасига ҳал қилиб финалга чиқди.

Австралия очиқ чемпионатининг бош соврини учун бўладиган баҳсда теннис мухлислари теннис тожи учун доимо рақобатлашиб келган икки буюк ракетка устаси Рафаэль Надаль ва Рожер Федерер тўқнашувига гувоҳ бўлади.

Бу икки теннисчи шу кунгача 36 маротаба ўзаро учрашган. Бу беллашувларнинг аксарияти юқори даражали турнирларнинг финалига тўғри келади. Ўзаро баҳслар статистикаси бўйича эса Рафаэль Надаль олдинда - 25:11.

Финал баҳси 29 январга белгиланган.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!