Ким кучли: Серенами ёки Винус?

 

Бу йилги Австралия очиқ чемпионатининг бош соврини Уильямслар хонадонига кетадиган бўлди.

"Катта дубулға" туркумига кирувчи ушбу мусобақанинг ярим финалида Серена Уильямс хорватиялик Мирьяна Лучич-Баронини 6:2, 6:1, опаси Винус ўз ҳамюрти Коко Вандевегени 6:7, 6:2, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Жаҳон рейтингида иккинчи ўринни эгаллаб турган Серена Уильямс фаолияти давомида 71 та совринни қўлга киритган. Винуснинг бу борадаги кўрсаткичлари камтарроқ бўлса-да, кўплаб теннисчи қизлар ҳавас қиладиган даражажда кўп. Яъни, Уильямсларнинг каттасида 49 та соврин бор.

Опа-сингиллар фаолияти давомида "Катта дубулға" туркумига кирувчи тўрт турнирнинг барчасида бир неча маротабадан ғолиб чиққан. Шунингдек, уларда тўрттадан Олимпия олтин медали бор.

Бу галги финал учрашув олдидан ҳамон Серенанинг имконияти Винусникидан юқори баҳоланмоқда. Бу теннисчиларнинг ўзиро статистикаси ҳам шундан далолат беради. Оилавий теннисчиларнинг ўзаро баҳсида 17 маротаба Серена, 11 марта Винус зафар қучган.

Ҳар икки теннисчи финал учрашувида қизғин курашишини, бироқ натижа қандай бўлишидан қатъий назар соврин Уильямслар оиласига боришидан мамнун эканликларини билдиришмоқда.

 

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!