Ўзбекистон теннисчилари Корея тўсиғидан ўта оладими?

 

Теннис оламининг энг нуфузли мусобақаси - норасмий жаҳон чемпионати мақомини олган Дэвис кубоги иштирокчилари 2-5 февраль кунлари янги мавсум беллашувларини бошлайди.

Ўзбекистон терма жамоаси ушбу нуфузли мусобақанинг биринчи гуруҳи Осиё-Океания минтақасида Қозоғистон, Жанубий Корея, Янги Зеландия, Хитой Тайпейи, Ҳиндистон, Хитой терма жамоалари билан рақобатлашади. Қуръа натижасига кўра, ҳамюртларимиз дастлабки учрашувни Жанубий Корея терма жамоасига қарши сафарда ўтказади.

Ўзбекистон теннисчилар Дэвис кубоги рейтингида 21-поғонада, рақиб эса 27-қатордан жой олган. 2-5 февраль кунлари Жанубий Корея кортларида ўтказиладиган мусобақада иштирок этиш учун терма жамоамзга Денис Истомин, Санжар Файзиев, Фаррух Дўстов, Жўрабек Каримов жалб этилган.

Мезбонлар шарафини Хён Чунг, Дак Хи Ли, Сун Ву Квон, Ёнг-Кю Лим ҳимоя қилади.

Дэвис кубоги доирасида Ўзбекистон ва Жанубий Корея терма жамоалари ўзаро олти маротаба куч синашган. Илк бор 1998 йили Сеулда ўтган басҳда ҳамюртларимиз сафардан 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган. Тўрт йилдан сўнг Тошкентда кореяликлар 4:1 ҳисобида енгилган.

2007 йили Сеулдаги ўйин мезбонларнинг 5:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. 2009, 2010 ва 2015 йиллардаги кетма-кет учта учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари рақибларидан устун келган.

Бўлажак беллашувларда ҳам теннисчиларимиз омад ва ғалаба тилаймиз!

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!