Тақдир ҳазили ёхуд Денис Истомин тарихни орқага қайтарди

 

Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракетка устаси Денис Истоминнинг фаолияти бу йил ажойиб ва ғаройиб воқеаларга бой бўлмоқда.

Ҳамюртимиз Нидерландияда ташкил этилган "ABN AMRO World Tennis Tournament - 2017" халқаро турнирининг саралаш мусобақасида британиялик Аляз Беденега 6:7, 3:6 ҳисобида ютқазиб, асосий тўрга чиқа олмаган эди.

Бироқ, асосий тўрда битта бўш ўрин қолгани учун саралашда ютқазган теннисчилар ўртасида қуръа ташланди. Lucky Loser - омадли мағлуб, деб аталувчи бу қуръа айнан Денис Истоминга чиқди ва ҳамюртимиз асосий тўр жадвалидаги бўш жойни тўлдирди.

Буни қарангки, Денис Истомин асосий тўрдаги биринчи учрашувини айнан саралашда ўзи ютқазган Аляз Беденега қарши ўтказадиган бўлди. Ана омад, ана кутилмаган совға.

Энг ҳайратланарлиси, бу икки теннисчи ўртасидаги иккинчи баҳсда ҳам ҳудди саралаш босқичидаги натижа қайд этилди. Бу гал фақат 6:3, 7:6 ҳисобидаги ғалаба ўзбекистонлик ракетка устаси томонида бўлди.

Бундан ташқари, Денис Истомин Австралия очиқ чемпионатида Иван Додиг, Новак Жокович, Пабло Карреньо-Буста каби машҳур теннисчиларни мағлуб этиб, тўртинчи даврада Григор Димитров билан куч синашган эди. Ушбу баҳсда ҳам ғалабага яқин бўлган ҳамюртимиз кутилмаган жароҳат туфайли ўйинни бой берганди.

Энди Денис Истомин Роттердамдаги турнирнинг иккинчи даврасида айнан Григор Димитровга қарши кортга чиқиши мумкин.

Бунинг учун болгариялик ракетка устаси дастлабки раундда германиялик Миша Зверевни мағлуб этиши лозим.

SPORTS.uz

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!