«Локомотив» Анталияда мавсум-олди йиғинини бошлади | Фотожамланма


Янги мавсумга тайёргарликни давом эттириш мақсадида «Локомотив» футболчилари бугун кечки пайт Анталияга етиб келишди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда. Жамоа аъзолари Белекдаги «Sueno Hotels Deluxe» меҳмонхонасига жойлашишди.

Бу ерда ҳаво ҳарорати яхши, иқлим мўътадил. Бир сўз билан айтганда, айни футбол ўйнайдиган ҳаво. «Локомотив» жойлашган меҳмонхонада шунингдек, Россия премьер-лигаси вакили «Крилья Советов» ҳам истиқомат қилмоқда. Улар 7 февралга қадар шу ерда бўлишар экан. «Локомотив» эса 13 февралгача Туркияда ўқув-йиғин машғулотларини олиб боради.

Икки ҳафта оралиғида «темирйўлчилар» тўртта назорат беллашувида иштирок этишади. Бугун биринчи кунги машғулот жамоа аъзолари узоқ йўл босиб толиқиб келишгани боис кўп давом этмади. Ярим соатлик машғулотда мураббийлар эътиборни кўпроқ тикланиш жараёнига ҳамда чигалёзди машқларга қаратишди. Эртадан бошлаб машғулотлар икки маҳалдан ўтказилади.

Машғулот майдонлари шундоқ меҳмонхонанинг ёнгинасида жойлашган бўлиб, у ерда барча шароитлар етарли. Биласиз, «Локомотив»ни бу мавсум ҳам ниҳоятда жиддий ўйинлар кутмоқда. Жамоа мавсумни 20 февраль куни Осиё чемпионлар лигасидаги баҳс билан бошлайди. Шу куни Саудия Арабистонида «Ал Таавон» меҳмони бўлади. Шундай экан, барчанинг эътибори жорий мавсумни ҳам ижобий тарзда ўтказишга қаратилган.

 

 

«Локомотив»нинг Анталия йиғинида иштирок этадиган таркиби:

ДАРВОЗАБОНЛАР 
Игнатий Нестеров
Маъмур Икромов

ҲИМОЯЧИЛАР
Ислом Тўхтахўжаев
Салим Мустафоев
Олег Зотеев
Фаррух Иброҳимов
Шерзод Файзиев
Бобур Йўлдошев
Муҳаммад Коне
Шуҳрат Муҳаммадиев

ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР 
Садриддин Абдуллаев
Икром Алибоев
Сардор Мирзаев
Тимур Кападзе
Қувондиқ Рўзиев
Кахи Махарадзе
Диёр Туропов
Саламат Қутибоев

ҲУЖУМЧИЛАР 
Марат Бикмаев
Тимур Усмонов
Азизбек Амонов
Ньоре Кризо
Мурод Бобожонов

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!