«Нефтчи» Мансур Саидовнинг ўрнига истеъдодли ёш футболчини ўз таркибига қўшиб олди
Келаси йилги футбол мавсуми учун тайёргарликларни бошлаб юборган Олий лига клублари ўз сафларини янада кучайтириш мақсадида бир қатор мувоффақиятли харидларни амалга оширмоқдалар.
Хусусан, ўтган йилги чемпионатни 11 ўринда тамомлаган Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси ўз таркибига сўнгги икки йил мавсумни Жиззахнинг «Суғдиёна» клуби сафида ҳаракат қилган ярим ҳимоячи Музаффар Музаффаровни қўшиб олди. Бу ҳақида «Нефтчи» жамоасига яқин бўлган ишончли манба хабар қилмоқда.
SPORTS.uz ахборот порталига хабар беришларича, «Нефтчи» клуби ҳамда «Суғдиёна» сафини эркин агент сифатида тарк этган Музаффар Музаффаров ўртасидаги музокаралар якунига етган ва футболчи келаси йил январь ойидан бошлаб жамоа машғулотларига қўшилади. Бироқ, ҳар икки томон ҳам шартнома имзолангани ҳақида расмий маълумот беришмаган.
Маълумот ўрнида, 21 ёшли футболчи сўнгги икки мавсумда «Суғдиёна» сафида 57 учрашувда майдонга тушган ва рақиблар дарвозасини 5 бор аниқ нишонга олган. Шунингдек, Музаффаров футболдаги профессионал фаолиятини «Нефтчи» клубида бошлаган. У 2014 йили фарғоналиклар сафида «Олмалиқ» клубига қарши баҳсда захирадан майдонга туширилган эди.
Ушбу хабардан қисман ёки тўлиқ фойдаланганда SPORTS.uz ахборот порталининг номи аниқ кўрсатилиши ҳамда ҳавола (линк) берилиши шарт!
Фикрлар