"Дакар-2017" карвони йўлга тушмоқда ёхуд қудратли техникалар жанги
2 Январ 00:15 | 165
 
Жорий йилнинг 2-14 январь кунлари уч мамлакат - Парагвай, Боливия, Аргентина ҳудудлари бўйлаб энг машҳур ралли-марафон "Дакар - 2017" пойгалари бўлиб ўтади. Пойга ихлосмандларига яхши маълумки, илгари бу пойгалар Европа ва Африка қитъаси бўйлаб ўтказилган ва Париж-Дакар шаҳарларини бир-бирига боғлаган.
 
Қитъавий пойгалар Африкадаги нотинчликлар туфайли 2008 йили ўтказилмади ва кейинги йилдан Жанубий Америка мамлакатларида ташкил этиб келинмоқда.
 
Бу йилги мусобақада пойгачилар уч мамлакатдан ўтувчи қарийб 9000 километр масофани босиб ўтишларига тўғри келади. Бу масофанинг ярми спортчилар учун умуман нотиниш жойларни ўз ичига олган. Пойга 2 январь куни Парагвай пойтахти Асунсьондан бошланиб, 14 январь куни Аргентина пойтахти Буэнос Айрес шаҳрида якунланади.
 
 
"Дакар-2017" раллиси иштирокчилари жами 12 босқичда ўзаро куч синашади. Қоидага кўра, пойгалар мотоцикллар, автомобиллар, квадроцикллар ва юк машиналари иштирокида ташкил этилади.
 
Мотопойгаларда жами 145 нафар пойгачи ғолиблик учун куч синашади. "Дакар-2016" ғолиби Тоби Прайс чемпионлик унвонини ҳимоя қилади. Стефан Свитко, Пабло Кунтанилла, Элдер Родригес, Адриен ван Беверен ва Хуан Барреда Борт сингари мотопойгачиларнинг ҳам имконияти юқори баҳоланмоқда.
 
 
Квадроцикллар пойгасида 42 та пойгачи рўйхатдан ўтди. Қизиғи шундаки, ўтган йилги пойгаларда дастлабки икки ўринни эгаллаган ака-ука пойгачилар Маркос ва Алехандро Патроннели бу гал стартга чиқмайди.
 
 
Юк машиналари баҳсида элликдан зиёд экипаж куч синашади. Рақобат асосан "КАМАЗ" ва IVECO русумидаги машиналар ўртасида кечиши кутилмоқда. Ғолибликка Айрат Мардеев, Эдуард Николаев, Федерико Виллагра ва Жерар Де Рой бошчилигидаги экипажлар даъвогарлик қилади.
 
 
90 тага яқин иштирокчи беллашадиган автомобиллар пойгаси ҳам қизғин бўлиши аниқ. Айниқса, "Дакар" пойгаларида ғолиб чиққан Стефан Петрансель,Себастьен Леб, Носсир Ал-Аттия, Жиниэль де Вильерс каби пилотларнинг иштироки кўплаб мухлису мутахассислар иштиркоида бўлади.
 
 

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002