"Шўртан" - "Навбаҳор" ўйинини бошқарган Олим Толибжонов нега 2 баҳо олгани маълум бўлди

Кеча олий лига 22-тур доирасида “Шўртан” – “Навбаҳор” баҳси бўлиб ўтди. Ушбу ўйинни Олим Толибжонов бошқариб борди. Эътиборлиси, бош ҳакам сифатида ишлаган Олим Толибжонов назоратчи Алишер Абдуллаев томонидан шу куни 4,0 баллга, яъни, 2 баҳога лойиқ кўрилган. Бу ҳақда ПФЛ расмий сайтида маълумот берилганди.

Бугун эса “Шўртан” расмий сайти ушбу ҳакам нима сабабдан бундай пас баҳо олганлигини маълум қилди. Олим Толибжоновга нега 2 баҳо қўйилганини “Шўртан” матбуот хизмати қуйидагича изоҳлади:

- 86-дақиқаларда дарвозамиз томон 35 метрлар чамаси узоқликдан жарима тўпи белгиланганди. Ушбу вазиятда тўпни қайтаришга ҳаракат қилган футболчиларимиз ҳаттоки дарвозабонимиз жиддий жароҳатлар олиши мумкин эди. Шундай бўлди ҳам. Обид Жўрабоевнинг ётган ҳолатига аҳамият бермаган бош ҳакам ўйинни давом эттирди. Натижада ушбу тушунарсиз ҳолатдан рақиблар самарали фойдаланишни эп кўришди ва ётган футболчининг устидан Рўзимбой Аҳмедов боши билан тўпни дарвозамиз томон йўллаб қўйди. Обид Жўрабоевга ёрдам кўрсатаётган Туробов тўпни ҳам қайтариб қолишга ҳаракат қилди, аммо у кечикди - 3:3. Таркибимизда мажбурий ўзгариш амалга оширилди. Жиддий жароҳат олган Жўрабоев ўрнига майдонга Маъруфхон Муродов туширилди. Ушбу адолатсиз вазиятдан тушкунликка тушган жамоамиз, ўйин сўнгига қадар эътиборни юқотганлари учун қаттиқ жазоланиши мумкин ҳам эди. Бундай имкониятлар Дониёр Усмоновда ҳамда Неманья Йовановичларда пайдо бўлганди.  Учрашувга қўшиб берилган 3 дақиқа эса футболчиларимизга вазиятни ўзгартириш учун камлик қилди.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, учрашувдан сўнг, кўплаб норозиликларни келтириб чиқарган бош ҳакам Олим Толибжоновнинг адолатсиз қарорлари ва нотўғри ҳаракатлари 2 баҳо билан баҳоланди. 

Бош ҳакам Олим Толибжонов ва унинг ёрдамчилари - Александр Буров ҳамда Руслан Серазитдиновлар бутун ўйин давомида бирин-кетин қўпол хатоларга йўл қўйишди. Айниқса, иккинчи бўлимда бош ҳакам икки бор “Навбаҳор” жамоаси дарвозасига икки бор яққол пенальтиларни белгиламади. Бир гал ўнг қанотдан амалга оширилган ҳужум давомида “Шўртан” футболчиси тўпни жарима майдончаси ичига оширди. Лекин рақиб футболчиси тўпни қўли билан ўйнаса-да, вазиятга яқин турган бош ҳакам бу ҳолатга эътибор бермади. Кейинги ҳолатда ҳам жарима майдончаси ичига кириб борган Игорь Таран қўполлик билан тўхтатиб қолинди. Бу ҳам бош ҳакам томонидан эътиборга олинмади. Ён қанот ҳакамлари эса мос равишда - Александр Буров “Шўртан” футболчиларини аксарият тўғри юришларини “ушлаб” қолган бўлса, Руслан Серазитдинов эса рақиб жамоа футболчиларига кўп вазиятларда, яъни ўйиндан ташқари ҳолатларда  йўл “очиб” берди. Учрашув якунлангач, назоратчи томонидан Олим Толибжонов салбий баҳога лойиқ кўрилди, - дея ёзилади “Шўртан” расмий сайтида.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!