3 футболчи билан хайрлашган “Металлург” яна ўйинчини ўз сафига қўшиб олди

 

Мамлакат миллий чемпионатининг иккинчи даврасига тайёргарлик кўраётган Бекободнинг “Металлург” жамоаси биринчи ўқув-машғулот йиғинини якунлади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Манбанинг маълум қилишича, пойтахт вилоятининг Бўстонлиқ тумани Чорвоқ сув омбори ёнида жойлашган “Металлург” сиҳатгоҳида олиб борилган машғулотлар асосан футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигини маромига етказишга қаратилди. Ҳар куни ўйинчиларга икки маҳалдан жисмоний юкламалар берилди. Мураббийлар томонидан танланган машғулотлар жамланмаси анчагина оғир, шунинг баробарида қизиқарли бўлганлигини эътироф этиш лозим. Асосий таркиб ҳам, ёшлар таркиби ҳам ўн кун мобайнида бир неча марта кросс югуришларини амалга оширишди.

Шу ўринда жамоадаги ўзгаришлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсак. “Обод” футболчилари Дониёр Ҳасанов, Аброр Ҳусинов билан шартнома имзоланган бўлса, “Бунёдкор” ярим ҳимоячиси Жавоҳир Эсонқулов “Металлург”да ижара асосида тўп сурадиган бўлди. Жамоа кўригида бўлиб турган Қадамбой Нурметовнинг клубда қолиш қолмаслиги назорат учрашувларидан кейин маълум бўлади. Биринчи даврада “Металлург” шарафини ҳимоя этган ҳимоячи Вусол Магеррамов “Олмалиқ”қа, ярим ҳимоячи Дониёр Исмоилов эса “Динамо” жамоасига ижарага берилди. “Бунёдкор” жамоасига тегишли бўлган марказий ҳимоячи Ислом Қобиловнинг ОЧ саралаш баҳсларидан сўнг ўз клубига қайтиши кутиляпти. Шунингдек, биринчи даврадан кейин “Металлург” ҳимоячи Камронбей Копадзе, ярим ҳимоячи Фарҳод Намозов ва ҳужумчи Тимур Усмонов билан дўстона хайрлашди. Клуб мазкур футболчиларга биринчи давра мобайнидаги ҳамкорлиги учун миннатдорчилик билдиради.

“Металлург” футболчилари навбатдаги йиғинга 18 июлдан Чирчиқ шаҳрида тўпланишади. Клубнинг асосий таркиби “Бунёдкор”, “Қизилқум” ва “Истиқлол” жамоалари билан, ёшлар таркиби эса “Локомотив”, “Олмалиқ” (уйда ва сафарда) ёшлари ҳамда “Янгиер” жамоалари билан кўрик-назорат учрашувларини ўтказишга келишиб олган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!