42 ёшли Оксана Чусовитина жароҳатига қарамай ЖЧ–2017 йўлланмасига эга бўлди

5 октябрь,2017, 10:32 832

42 ёшли Оксана Чусовитина жароҳатига қарамай  ЖЧ–2017 йўлланмасига эга бўлди

 

Ўзбекистонлик гимнастикачи, Олимпия ўйинларида 7 марта иштирок этган ягона гимнастикачи сифатида Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган афсонавий Оксана Чусовитина Канаданинг Монреаль шаҳрида бўлиб ўтган 2017 йилги жаҳон чемпионати саралашидан муваффақиятли ўтди.

42 ёшли спортчимиз таяниб сакраш бўйича саралаш баҳсларида 14,349 балл тўплади ва 8-ўринни эгаллади. Бу натижа унинг ЖЧ–2017 финал босқичига чиқиши учун етарли бўлди.

Оксана Чусовитина мазкур турнирга жароҳати билан келганини маълум қилди.  Бу эса унинг ижобий натижа қайд этишига тўсқинлик қилмади.

“Менинг чиқишим қийин бўлмади, аммо мендан кейин рақобатга қўшиладиган спортчилар йўқ эди. Машқларни бажаришдан аввал бироз ҳаяжонландим, чунки 3 ҳафта олдин болдир мушакларимни шикастлаб олгандим. Ҳар икки оёғимга тушишиш керак эди ва шунда финал йўлланмасига эга бўлардим. Якунда ҳаммаси ижобий тугади. Натижадан мамнунман, жаҳон чемпионатида эса ҳаммаси бошидан бошланади. Ҳозир ўзим ва мухлисларга қувонч улашяпман. Мана шу далда менга куч ва қўшимча ишонч бағишлайди”, – деди Чусовитина.