AFCAS дастури Ўзбекистонда ҳам жорий этилади

Хабарингиз бор, шу йилнинг 3-5 декабрь кунлари Осиё Футбол Конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа расмий ташриф билан юртимизда бўлганди.

Ташриф давомида ОФК президенти Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов билан юртимизда футболни ривожлантириш, ўзбек футболини янги босқичга олиб чиқиш бўйича келгуси режалар ҳақида суҳбатлашиб, Осиё Футбол Конфедерацияси бу борада Ўзбекистон Футбол Федерациясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини маълум қилганди.

Ана шу учрашув чоғида Осиё Футбол Конфедерациясида Asian Football Confederation Administration System дастурини Ўзбекистонда ҳам қўллаш бўйича келишувга эришилган.

Asian Football Confederation Administration System дастури маълумотлар базаси бўлиб, бу базада ҳар бир футбол мусобақаси ёки тадбирида иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган шахслар маълумотлари сақланади.

Масалан, футболчининг туғилган йили, бўйи, оғирлиги, қайси клубларда тўп сурганлиги, қайси чемпионатларда иштирок этганлиги ва шунга ўхшаш маълумотлар жамланиб, ўша футболчига тегишли бўлган барча ҳужжатлар архиви тузилади. Бу дастур айниқса, болалар футболидаги ёш кичрайтириш билан боғлиқ муаммоларни олдини олишда жуда қўл келади. Чунки дастурга киритилган ҳар бир футболчининг маълумотлари, унинг фотосурати ҳар йили янгилаб турилади.

Ўзбекистон Футбол  Федерацияси мазкур дастурни юртимизда жорий қилиш борасида саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. 2018 йилдан бошлаб Asian Football Confederation Administration System дастури Ўзбекистонда ҳам йўлга қўйилиб, футбол мусобақалари ва тадбирларида иштирок этувчи рўйхатдан ўтган барча инсонларнинг маълумотлари жамланади. Суперлига ва Про-лигада қатнашувчи жамоалар ҳам мавсум бошида қайдномаларни айнан мана шу дастур орқали электрон тарзда амалга ошириб боришади.

Бундан ташқари, ҳар бир футбол мактаби, академияларда мавжуд бўлган ёш футболчиларнинг барча маълумотлари ушбу дастурга киритилади. Натижада, болалар футболидаги ёш кичрайтириш билан боғлиқ кўплаб муаммоларнинг олди олинади.

Шунингдек, футболчилардан ташқари, мураббийлар, ҳакамлар, назоратчилар, комиссарлар ва шунга ўхшаш футбол мусобақалари ҳамда тадбирларида рўйхатдан ўтган шахсларнинг маълумотлар базаси ҳам мазкур дастурда тўплаб борилади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!