АПЛда энг узоқ давом этган ғалабали сериялар

Антонио Конте бошқарувидаги “Челси” жамоаси АПЛда мана кетма-кет 10 та ўйиндирки йўлида учраган рақибини “тиз чўктириб” келмоқда ва Янги йилга пешқадам сифатида йўл олмоқда. Шу муносабат билан биз АПЛдаги энг узун ғалабали серияларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Арсенал” (феврал – август 2002 йил) – кетма-кет 14 та ўйиндан иборат ғалабали серия

Arsenal

АПЛ тарихидаги энг узун ғалабали серия Арсен Венгер жамоасига тегишлидир. Бу ҳодиса 2001/01 ва 2002/03 йилги мавсумларда содир бўлган. Умуман “тўпчилар” ўша мавсум чемпионатни мағлубиятсиз якунлаганини ёши катта мухлислар яхши эслашади.

“Манчестер Юнайтед” (март – август 2000 йил) – 12 та

Янги аср бошида инглиз футболи грандлари иккита эди – “Арсенал” ва “МЮ”. Шу боис бу борадаги иккинчи яхши натижа айнан “қизил иблислар”га тегишли эканлиги бежиз эмас. 1999/2000 йилги мавсум сўнггида Фергюсон шогирдлари кетма-кет 11 та ўйинда ғалаба қозонишади ва чемпионлик масаласини анча олдин ҳал этишади хамда иккинчи поғонадаги “Арсенал”ни 18 очкога ортда қолдиришади. Янги мавсумнинг илк турида ҳам бу серия давом этади. Бироқ иккинчи турда “Ипсвич” билан дуранг ўйнаган “МЮ” 6 ой ичида илк бор очко йўқотади.

“Челси” (апрель-сентябр 2009) – 11 та

Гус Хиддинкнинг “Стемфорд Бриж”га илк ташрифи Англия кубоги ва АПЛ чемпионлигининг қўлга киритилиши билан якун топган эди. Ўшанда голландиялик мутахассис бошқарувидаги жамоа мавсум якунида “Вест Хэм”, “Фулхэм”, “Арсенал”, “Блэкберн” ва “Сандерленд” каби клубларни мағлуб этишнинг уддасидан чиққан эди. Унинг ўрнига келган Карло Анчелотти эса бу серияни яна 6 ўйинга қадар кўпайтирди.  Бироқ “аристократлар”нинг мазкур сериясига Роберто Мартинес бошқарувидаги “Уиган” жамоаси нуқта қўйган эди. Эътиборлиси, Конте шогирдлари яна битта ўйинда ғалаба қозонишни уддаласалар ўзларининг ушбу рекордини такрорлаган бўладилар.

“Манчестер Юнайтед” (декабрь 2008 йил – март 2009 йил) – 11 та

Кетма-кет 11 та ўйиндан иборат яна бир ғалабали серия ва яна “МЮ”. Фақат бу мавсум Фергюсон жамоасига “Арсенал” эмас, балки Рафа Бенитес бошлиқ “Ливерпуль” рақиблик қилади. Қизиғи, мазкур серияга айнан “қизиллар” нуқта қўйган эди. Бироқ бу мағлубият “қизил иблислар”нинг чемпион бўлишига ҳалал бермаган.

“Ливерпуль” (февраль – апрель 2014 йил) – 11 та

Luis Suares - Liverpool 0 - 2 Chelsea

Уч йил бурун Луис Суарес етакчилигида “Ливерпуль” чемпионлик учун чинакам “жанг” олиб броган эди. Февралдан то апрель ойига қадар Брэндан Рожерс жамоаси 33 очколик имкониятдан 33 очко олган эдилар. Ўша 11 ўйинда “қизиллар” рақиблар дарвозасига 38 бор йўл топа билган. Шундай бўлсада, Жозе Моуриньо “Энфильд”дан ғалаба билан қайтиб, “Ливерпуль”нинг сериясига барҳам беради. Ўша мавсум якунида эса чемпионлик “Манчестер Сити”га насиб этган.

“Манчестер Сити” (апрель – сентябр 2015 йил) – 11 та

11 та ўйиндан иборат ғалабали серияларнинг яна бирини Мануэль Пеллегрини бошчилигидаги “шаҳарлик” футболчилар қайд этишган эдилар. Улар 2014/15 мавсум оҳири ва 2015/16 мавсум бошида мос равишда кетма-кет 6 ва 5 та ўйинда зафар қучадилар, бироқ ҳар икки сафар ҳам чемпион бўлишнинг уддасидан чиқа билмайдилар.

Antonio Konte - Chelsea

Маълумот учун: Юқорида “Челси”да ғалабали ўйинлар сони 10 тага етгани ҳақида гапирган эдик. “Аристократлар”нинг кейинги ўйини “Кристал Пэлас”га қарши ўтади. “Селхерст Парк” стадионидаги мазкур ўйиндан сўнг Конте жамоаси ўз майдонида “Борнмут” ҳамда “Сток Сити”ни қабул қилса, шундан сўнг меҳмонда “Тоттенхэм” ҳамда “Лестер” билан ўзаро ҳисоб-китоб қилади. “Шпорлар”га қарши баҳсгача “Челси” ўзининг ғалабалари сонини 13 тага етказиб олиши мумкиндир, аммо қолган икки ўйинда Конте жамоасига осон бўлмаслиги аниқ.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!