АПЛга назар: ушбу ёзда амалга оширилган энг яхши 7 трансфер
26 Ноябр 15:41 | 472

Ушбу мавсум аввалида АПЛда бир қанча шов-шувли трансферлар амалга оширилди. Хўш, улар қай даражада омадли чиқди? Ушбу саволга жавобни қуйидаги мақоламиз орқали олишингиз мумкин. Демак, ёзда амалга оширилган энг яхши 7 трансфер ҳақида.

7. Эрик Байи ("Вильярреал"дан "Манчестер Юнайтед"га)

“Манчестер Юнайтед” ивуарлик футболчи учун 30 млн фунтни “Вильяреал”га “қуртдек” санаб берди. Бироқ ушбу трансфер Погба ёки Мхитарянники сингари омма эътиборида бўлмади. Шундай бўлсада мазкур трансфер муваффақиятли чиққанини Байининг ишончли ўйинлари  намойиш этди. Афсуски, Эрик “Челси”га қарши баҳсда жароҳат олди ва сафдан чиқди. Умид қиламизки, 22 ёшли ҳимоячи яқин орада яна сафга қайтади.

6. Кристиан Бентеке ("Ливерпуль"дан "Кристал Пэлас"га)

“Кристал Пэлас” бош мураббийи Алан Пардьюнинг муаммоси бу - савияли ҳужумчига эга бўлиш эди. Ўтган мавсумда жаноб Пардью бу борада Адебайор билан қисқа муддатли шартнома имзолаб, муаммони ечишга ҳаракат қилган эди. Ёзда эса мураббий ҳақиқий ечимни “Ливерпуль”дан топди. “Қизиллар” сафида ўйини чиқмаган Бентеке “бургутлар” таркибида яхши ўйин намойиш этмоқда ва ҳозирга қадар 4 бор рақиб дарвозасини ишғол этишнинг уддасидан чиқди.

5. Янник Боласи ("Кристал Пэлас"дан "Эвертон"га)

Бентекенинг “Пэлас” сафига келиши кўп жиҳатдан Боласининг “Эвертон”га кўчиб ўтиши билан боғлиқдир. Айниқса, молиявий жиҳатларда буни кузатиш мумкин. Конголик футболчи Рональд Куман бошқарувидаги “Эвертон”га мослашиб кета олди. Бу борада у Ромелу Лукаку билан тезда “тил топишиб” кета олди. Айни вақтга қадар эса Боласи ўз ҳисобига 2 та гол ва 3 та самарали узатмани ёзиб қўйишга муваффақ бўлди.

4. Маркос Алонсо ("Фиорентина"дан "Челси"га)

Маркос учун “туманли альбион” бегона эмас. У бир вақтлар “Болтон” таркибида тўп сурган. Бироқ у вақтларда жамоасининг даражаси ва олдига қўйилган вазифалар “Челси”дан кескин фарқ қилар эди. “Реал” тарбияланувчиси бўлган Маркосни “Болтон” муҳлислари 2012/13 йилги мавсумнинг энг яхши футболчиси деб топишган эди. Антонио Конте эса “Фиорентина”дан ўзининг 3-4-3 тактик схемасига мос келувчи испаниялик чап қанот “вингбек”ини харид қилди. Бу ҳарид шу қадар омадли чиқдики италиялик мутахассис уни доимий равишда бошланғич таркибда майдонга туширмоқда. Дарвоқе, “Эвертон”га қарши кечган ўйинда эса Алонсо “аристократлар” сафидаги дебют голини киритишга муваффақ бўлди.

3. Насер Шадли ("Тоттенхэм" – "Вест Бромвич")

“Тоттенхэм”нинг сояда қолиб кетган футболчиси “Вест Бромвич”да ҳозирда бош юлдуз. Тони Пьюлис ёзда “шпор”лардан бельгиялик футболчини харид қилди. Шадли ҳозирча “Бром” таркибида энг кўп гол киритган ва энг кўп голга ассистентлик қилган футболчидир. Унинг ҳаракатлари жамоага айниқса тезкор қарши ҳужумларда қўл келмоқда.

2. Жо Аллен ("Ливерпуль"дан "Сток Сити"га)

“Ливерпуль”нинг собиқ бош мураббийи Брендан Рожерс Аленни “уэлсьлик Хави” деб таърифлаган эди. Унинг “Ливерпуль”даги фаолиятида турли даврлар бўлди. Клоппнинг тезкор жамоасига эса у қадар тезкор бўлмаган футболчи керак эмас эди ва Аллен Марк Хьюзнинг таклифига биноан “Сток”га ташриф буюрди. Бу трансфернинг амалга ошишида футболчининг Евро-2016 даги ўйини ҳам туртки бўлганини эътироф этиш жоиз. Умуман уэльслик футболчи жорий мавсум “Сток” сафида 4 та гол ва 2 та самарали узатмани амалга оширишга муваффақ бўлди.

1. Садио Мане ("Саутгемптон"дан "Ливерпуль"га)

“Ливерпуль” бу мавсумни жуда яхши ўтказмоқда ва бу натижаларда Маненинг ҳиссаси улкан. Сенегаллик футболчи “қизиллар” тарихидаги энг қимматбаҳо футболчилардан бўлсада, унинг трансфери у қадар шов-шувли бўлмади. Трансфер шов-шувли бўлмаган бўлсада, унинг ўйини шов-шувга сабаб бўлмоқда. Айниқса Клоппнинг тезкор жамоасида Мане ўз техникаси билан қолганлардан ажралиб турибди.

Шаҳзод Холбоев тайёрлади

Ўхшаш янгиликлар

Sports.uz 2016 ©
ЎзМАА интернет-ОАВ лицензияси рақами: №1002