Абдумалик Ҳакимов: Таркибдаги ўзгаришлар тўғрисида ҳозирча маълумот бера олмайман

13 март, 12:35 399

Абдумалик Ҳакимов: Таркибдаги ўзгаришлар тўғрисида ҳозирча маълумот бера олмайман

Бу йилги мавсумда ҳам ўз олдига элитага чиқиш вазифасини қўяётган «Цементчи» жамоаси айни дамда ўз қароргоҳида шуғулланмоқда. Қувасойликлар бош мураббийи Абдумалик Ҳакимов билан суҳбатлашиб, ўзимизни қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдик. Дарвоқе, ушбу мутахассис ҳар қандай холатда доимо таклифимизга «лаббай» дея жавоб беради. Бунинг учун Ҳакимовга миннатдорчилигимизни матбуот орқали ҳам изҳор этмоқчимиз.

- Биринчи лига жамоалари учун ҳам ҳадемай янги мавсум бошланади. Бошқарувингиздаги «Цементчи»нинг тайёргарлик ишлари қандай кечмоқда?

- Имкон қадар мавсумга пухта ҳозирлик кўришга харакат қиляпмиз. Ўқув-йиғин машғулотларимиз ўз қароргоҳимизда кечмоқда. Яқинда маълум муддат Тошкентга сафар уюштириб, у ерда ҳам йиғин ташкил этдик. Шу аснода клубимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдираман. Сабаби улар томонидан жамоага бўлаётган эътибор ва шароитлар кишини хурсанд қилмасдан қолмайди.

- Тайёргарлик кўнглингиз қанчалик тўлмоқда?

- Менимча ҳеч қайси мураббий тўлиқ қониқиш хосил қилмаса керак. Лекин максималликка интилади. Ҳозирча ишларимиз режадагидек кетмоқда. Қанчалик тайёргарлик кўрганимизни эса мавсум кўрсатиб беради.

- Бу йил ҳам жамоангиз таркибида кичик ўзгаришлар юз берди. Шу тўғрисида ҳам ўзингиздан эшитсак дегандик?
- Ҳа, таркибда айрим ўзгаришларга қўл урдик. Биласизми футболда алмаштириб бўлмас одамнинг ўзи йўқ. У хоҳ мураббий бўлсин, хоҳ футболчи. Демоқчиманки сафимизни тарк этган ўйинчилар билан дўстона хайрлашиб, уларга хизматлари учун раҳмат айтдик. Кетканлар ўрнини муносиб равишда тўлдиришга харакат қиляпмиз. Лекин мен сизга ҳозир янги келиб қўшилган футболчиларни номма-ном айтиб бера олмайман. Сабаби бугун келишиб қўйган ўйинчимиз эртаси куни нимадир муаммо билан жамоа лагерини тарк этмоқда. Шунинг учун футболчиларимизни  ПФЛ рўйхатидан ўтказмагунимизга қадар бу борада тайинли гап айта олмайман. 

- Футболчилар билан шартнома тузиш ишлари бошланган бўлса керак?

- Ҳа. Ўткан йили жамоа шарафини ҳимоя қилган ва ўзимиз яхши таниган, билган ўйинчилар билан расман келишувга эришиб битим имзоладик. Ушбу жараён расмий баҳслар бошлангунига қадар давом этади.

- Унда айтингчи, асосий таркиб ўзагини аниқлаб олдингизми?

- Илк расмий ўйинимизни 25 март куни ўтказамиз. Демак асосий таркиб 24 март куни аниқ бўлади (кулади).

- Сизни бугунги кунда нима кўпроқ ташвишга солмоқда?

- (Бироз ўйланиб) Айтарли ҳеч нима. 

- Айтишларича бу йилги мавсумда «Цементчи»ни олдига кучлилар сафига чиқиш вазифаси қўйилган экан. Шу ростми?

- Тўғри. Бу йилги чемпионатда ҳам яна олий лигага чиқиш учун курашамиз. Раҳбарият томонидан олдимизга шундай вазифа қўйилди. Энди бу мақсад йўлида астойдил ишлаб, билдирилган ишончни оқлашга харакат қиламиз.

- Элитага чиқишга асосий давогарлар сифатида кўпроқ «Андижон» билан «Сурхон» жамоалари тилга олинмоқда. Нима деб ўйлайсиз «Цементчи» ҳам улар билан тенгма-тенг рақобатлаша оладими?

- Назаримда олий лигага чиқишга давогарлик қилаётган жамоаларнинг қанча кўп бўлса, шунча яхши. Чемпионатда ўсиш бўлади. Қолаверса мухлислар томонидан ҳам қизиқиш янада ортади. Сиз айтиб ўтган жамоалар қаторига мен «Норин» ва «УзДонгЖу» каби жамоаларни ҳам қўшган бўлардим. Лекин уларнинг ҳеч бирини аълоҳида ажратиб кўрсата олмайман. Ҳаммаси мавсум кўрсатади. 

- 25 март куни Ўзбекистон Кубоги 1/16 финал босқичидан ўрин олган «Олмалиқ»қа қарши ўйин билан мавсумни бошлайсизлар. Унга қадар назорат ўйинлари ташкил этиладими?

- Ҳа, албатта. «Олмалиқ» билан ўйингача иккита ўртоқлик учрашувини ўтказиш борасида спарринг-рақибларимиз билан келишиб ҳам олдик. Унга кўра, 15 март куни Қувасойда «Норин» билан, 20 март куни эса «Нефтчи» ёшлар жамоасига қарши ўйнаймиз.

Комилжон Икромов