“Африка олмослари” ёхуд “қора қитъа”нинг энг яхши футболчилари

8 январь, 10:15 1060

“Африка олмослари” ёхуд “қора қитъа”нинг энг яхши футболчилари

Бир неча кун олдин Африка Футбол Конфедерацияси (CАF) томонидан қитъанинг 2016 йилдаги энг яхши футболчисини аниқлади. Овоз бериш натижаларига кўра, “Лестер” билан АПЛ чемпионлигини қўлга киритган Рияд Маҳрез Африканинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси деб топилди. 

Riyad Mahrez

Биз эса шу муносабат билан,  ушбу соврин тарихи ва уни қўлга киритган футболчилар билан қизиқиб кўрдик.

Умуман Африканинг энг яхши футболчиси 1970 йилдан токи 1994 йилга қадар “France Football” нашри томонидан аниқланиб келинган. CАF эса 1992 йилдан эътиборан қитъада энг зўрлари ким эканлигини аниқлаб келмоқда. Сўзларимизга эътибор қилган бўлсангиз, 1992-1994 йилларда ҳар икки ташкилот ўз билганларича Африканинг энг яхши футболчисини аниқлашганини кўриш мумкин. 1992 йил газета томонидан ҳам, қолаверса, CАF томонидан ҳам ушбу мукофот Абеди Пелега топширилган.

53 та аъзога эга бўлган Африка Футбол Конфедерацияси 2008 йил ўзига хос “тажриба” ўтказиб, Африка клубларида тўп сурувчилар учун алоҳида, Европа ва бошқа қитъаларда тўп сурувчи футболчилар учун алоҳида соврин жорий этган эди. Ўшанда дастлабки номинация бўйича Муҳаммад Абутрика, ўша мавсум “Арсенал” сафида ажойиб ўйин кўрсатган Адебайор иккинчи номинацияда ғолиб деб топилишган эдилар.

Emmanuel Adebayor

2007 йил “Севилья” билан катта ютуқларни қўлга киритган малилик Фредерик Кануте мазкур нуфузли совинни қўлга киритади. Эътиборлиси эса Кануте Африкада эмас, балки Францияда туғилган эди ва бу борада у дастлабки футболчига айланади.

Yaya Toure

Африканинг энг яхши футболчиси бўлиш Яя Туре ҳамда Самюэль Это’онинг “жонларига” теккан бўлса ажаб эмас. Зеро, ҳар икки футболчи мазкур совринни оз эмас, кўп эмас нақд 4 мартадан қўлга киритишган ва бу борада улардан ўтадиганини топиш қийин.

samuel eto'o

Африканинг энг яхши футболчиси бўлиш бахтига энг кўп сазовор бўлганлар
1-2. Яя Туре (Кот-д`Ивуар) – 4 марта
1-2. Самюэль Это’o – 4
3-4. Абеди Пеле (Гана) – 3
3-4. Жорж Веа (Либерия) – 3

Агарда буни мамлакатлар миқёсида кўрадиган бўлсак, камерунлик футболчилар қолганлардан бир бош устун бўлиб келганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

1. Камерун – 12 марта
2. Кот-д`Ивуар – 6
3-4. Гана – 5
3-4. Нигерия – 5
5. Марокаш – 4

Шаҳзод Холбоев тайёрлади