Акмал Бозоров “Динамо”нинг март ойидаги энг яхши футболчиси

3 апрель, 11:28 292

Акмал Бозоров “Динамо”нинг март ойидаги энг яхши футболчиси

 

Олий Лиганинг стартига тўғри келган март ойи «Динамо» жамоаси учун омадли ўтди, дейишга асослар етарли. Клуб расмий сайти мухлислар ўртасида сўровнома ўтказиб, клубнинг март ойидаги энг яхши футболчисини аниқлади. Бу ҳақда клуб расмий сайти хабар бермоқда.

Манбанинг маълум қилишича, «Сизнингча, «Динамо» жамоасининг март ойидаги энг яхши футболчиси ким?» дея 10 кун давомида ўтказилган сўровнома якунига кўра, «Динамо» жамоаси сардори Акмал Бозоров «ойнинг энг яхши футболчиси» номига лойиқ кўрилди.

31 ёшли самарқандлик яримҳимоячи жами 192 та овоз олиб, умумий мухлисларнинг 29 % фоиз овозига эга бўлган. Чинданам, Акмал Бозоров март ойида ўтказилган дастлабки тўрт турда майдонга тушиб, «Металлург» ва «Шўртан» дарвозасини ишғол этди, «Пахтакор» билан баҳсда ҳам жамоанинг кетма-кет учинчи ғалабасига катта ҳисса қўшди. Жароҳатига қарамай, «Навбаҳор» билан баҳсда захирадан майдонга тушди.

Бу борада Бозоровга жамоа ҳужумчиси Сардор Сулаймонов «рақобатчилик» қилди. «Шўртан» ва «Насаф»га қарши назорат баҳсида гол муаллифи бўлган 23 ёшли ҳужумчи 151 (22.8%) овоз билан иккинчи ўринда қайд этилган.

Бу борада учинчи ўрин Абдумалик Абдуллаевга насиб этди. Тезкор ҳужумчига 126 та овоз берилган бўлиб, бу жами овозларнинг 19% фоизидир. Абдумалик «Металлург»га қарши баҳсда иккинчи голга ҳаммуалифлик қилган бўлса, «Шўртан»га қарши ўйинда захирадан тушиб гол уришга эришди.

Шунингдек, жамоа посбони Михаил Наумов 64 (9.7%), иқтидорли яримҳимоячи Жавоҳир Қаҳрамонов 61 (9.2%), ёш марказий ҳимоячи Бунёд Исроилов 34 (5.1%), қанот яримҳимоячиси Ориф Мамажонов 18 (2.7%) ва ҳимоячи Шоҳруҳ Холматов 17 та овоз (2.6%) мухлислар томонидан эътироф этилган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида «Динамо» тўрт ўйинда учта ғалаба ва бир мағлубиятга учраб, турнир жадвалида 3-поғонадан жой олган. Жамоа навбатдаги учрашувни 7 март куни Қўқонда маҳаллий жамоага қарши ўтказади.