Акром Баҳромов: "Шўртан" кучли бешликдан ўрин олишни мақсад қилган

 

Бугун  ёшлар лигаси 8-турнинг қизиқарли учрашувларидан бири Ғузорда бўлиб ўтади. Унда Асрор Алиқулов бошчилигидаги “шўртанчилар” ўз майдонида водийнинг “Қўқон-1912” клубига қарши кураш олиб боришади.

Шуни айтиш жоизки, “Шўртан” ёшлар жамоаси   7-турдан сўнг турнир жадвалида  12 очко жамғарган ҳолда   учинчи поғонани банд этиб туришибди.

Қуқонлик ёшлар турнир жадвалида 11 очко билан тўртинчи ўринни банд этишган. Улар бир очко фарқли ўлароқ “оқ бўрилар”ни таьқиб қилишяпти.

Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда мазкур жамоалар ўртасидаги баҳсларда “Шўртан” ўз майдонида 6:0 ҳисобида зафар қучганди. Сафарда 3:2 эса ҳисобда устунликка эришган.

“Шўртан” жамоасининг муваффақиятли ўйинларида маҳаллий футболчиларнинг ҳиссалари катта бўлмоқда. Шулардан бири ёш иқтидорли ярим ҳимояси Акром Баҳромовдир. Мазкур қизиқарли баҳс олдидан футболчини қисқа суҳбатга тортдик.

Бу йилги мавсумда жамоа олдига қандай мақсадлар қўйилган?

- Кучли бешликдан мустаҳкам ўрин олиш асосий режамизга киради. Ҳозирда буни удаллаяпмиз. Ишончим комилки, мавсум охиригача чемпионлик учун кураш олиб борамиз.

Кейинги турларда жамоангиз билан барқарор ўйин намойиш этмоқдасизлар. Бунинг сири нимада деб ўйлайсиз?

- Бош мураббийимиз Ўзбекистонда катта тажрибага эга кучли футболчи сифатида танилган. Жорий мавсумдан ёшлар жамоасида мураббий сифатида иш бошлади. Албатта, Асрор аканинг хатти-ҳаракати эвазига ҳар бир ўйинга пухта тайёргарлик кўраяпмиз. Жамоа мураббийлари Асрор Алиқулов, Баҳодир Шаймардонов ва Акмал Саиткуловнинг ҳамжиҳатлиги туфайли менимча муваффақиятлар омили шунда бўлса керак. 

“Пахтакор” билан кечган учрашувга солиштирадиган бўлсак, жамоа ўйинида олдинга силжиш кўзга ташланмоқда

- Ҳа, мен ҳам шундай фикрдаман. Ўйин сифати борасида ҳам футболчиларнинг майдонда бир-бирларини тушунишлари жиҳатидан ҳам ўсиш бор. Ва энди жамоанинг ўзига ҳос ўйин услуби шаклланмоқда, дейишим мумкин.

Бугунги учрашув ҳақида тўхталсангиз?

- Ҳар икки жамоа ғалабага бўлган иштиёқни намойиш этишади. Чунки бизга ҳам, рақибимизга ҳам очко зарур. Шу сабаб майдондаги футболчилар ғалаба учун астойдил ҳаракат қилишади. Насиб бўлса, зафарли одимларимизни давом этиб, ғалаба билан ортга қайтмоқчимиз.

Фахриддин Чориев суҳбатлашди.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!