Александр Ежов: Мақсадим Урганчда маҳаллий футболчилардан иборат курашчан жамоа тузиш

Аввал хабар берганимиздек, яқинда «Хоразм» мураббийлар штабида ўзгариш юз берди. Эндиликда бош мураббий сифатида Александр Ежов фаолият юритади. Бундан хабар топиб, мутахассиснинг ўзи билан боғланганимизда, Ежов клуб раҳбарият билан олиб борилаётган музокара ҳозирча тўлиқ якун топмаганини билдириб, суҳбатни кейинроққа қолдирганди. Бугун яна бир бор уни безовта қилдик.

- Александр, «Хоразм»даги тақдирингизга тўлиқ ойдинлик киритиб олдингизми?
- Ҳа, яқинда яна бир бор клуб раҳбари билан гаплашиб олиб, бир тўхтамга келдик. Эндиликда мени расман «Хоразм» устози сифатида эълон қилишингиз мумкин.

- Яхши биламизки, бу жамоа сизга бегона эмас. Сабаби илгари «Хоразм»да футболчи сифатида ўйнагансиз. Тўғрими?
- Шундай. Ўзим урганчликман. Жамоани яхши биламан. Афсуски охирги йилларда «Хоразм» айрим сабабларга кўра, элитага қайтишга қийналмоқда. Ҳозир сизга бунга қайси омиллар сабаб бўлаётгани ҳақида айтиб, муҳокама қилмоқчи эмасман. Яқинда клуб раҳбари менга таклиф билан чиқиб, бошқарувни ўз қўлимга олишимни истади. Энди бор билим ва маҳоратимни ишга солиб, жамоа қаддини тиклаш йўлида астойдил ишлайман. 

- Адашмасак, бунгача «Олмалиқ» клуби тизимида ишлаб келаётган эдингиз.
- Ҳа, олий лига жамоасида селекционер мураббий сифатида фаолият юритаётган эдим. «Олмалиқ»да Шквирин, Денисов сингари ўз ишининг усталари бўлган мураббийлар билан ёнма-ён ишлаб, кўп нарса ўргандим дея оламан. Бунинг учун уларга раҳмат айтган бўлардим. Хабарингиз бор, бу йил жамоада катта ўзгаришлар юз берди ва мен ҳам қадрдон клубим билан хайрлашдим.

- Сизда қандай мураббийлик лицензияси бор?
- Бугунги кунда «B» мураббийлик лицензиясига эгаман. Менимча бу билан биринчи лигада бемалол ишлай оламан.

- Янги жамоангизда сизга қайси мураббий ёрдам беришини ҳам аниқлаб олдингизми?
- Ғайрат Шихов ассисентлик вазифасини ўтайди. У билан яхши танишмиз ва олдин бирга футбол ўйнагандик. Иккимиз биргаликда барқарор жамоа шакллантиришга харакат қиламиз.

- Жамоа йиғинида иштирок этаётган янги ўйинчилар тўғрисида ҳам маълумот бера оласизми?
- Биласизми жамоа йиғинни кеч бошлади. Шунинг учун селекция жараёнида у қадар фаоллик кўрсата олмадик. Бугунги кунда таркибда икки нафар янги ўйинчи бор холос. Булар ҳимоячи Айбек Нурбоев билан ҳужумчи Нурлибек Таласбоевдир. Қорақалпоғистонлик ушбу футболчиларнинг жорий мавсумни «Хоразм»да ўтказиши аниқ бўлди.

- Расмий баҳслар бошлангунга қадар таркибни кучайтириш учун яна қўшимча ўзгаришлар қилинса керак?
- Асосий эътиборни маҳаллий футболчиларга қаратамиз. Четдан ўйинчини таклиф этиш осон. Аммо унинг ўзига яраша шарт-шароитини яратиб бериш лозим бўлади. Ички имкониятдан келиб чиқиб, жамоа шакллантиришга харакат қиламиз. Клуб раҳбари билан суҳбатлашганимда, ёшларга эътибор кучайтирилиши ҳақида гап борди. Эндиликда асосий жамоадан ташқари тайёрлов гуруҳини ҳам ташкил этамиз ва  вилоятдаги иқтидорларни жалб этиб, уларни доимий равишда кузатиб борамиз.

- «Хоразм»нинг чемпионатгача бўлган режалари қандай?
- Ҳозирда Тошкентдаги «Геофизика» қароргоҳида истиқомат қилиб, шу ердаги стадионнинг ўзида шуғулланмоқдамиз. Машғулотлар кунига икки маҳалдан бўлиб  ўтмоқда. 25 март куни Наманганга бориб «Навбаҳор» билан Ўзбекистон Кубоги доирасидаги ўйинимизни ўтказамиз. Сўнгра яна Тошкентга қайтиб чемпионатгача шу ерда бўламиз. Хабарингиз бўлса керак, 1-2-турларни сафарда ўтказамиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!