Александр Ежов: “УзДонгЖу”нинг айрим ўйинчилари бемалол олий лигада ўйнаб кета олади

3 апрель, 21:56 421

Александр Ежов: “УзДонгЖу”нинг айрим ўйинчилари бемалол олий лигада ўйнаб кета олади

Хабарингиз бўлса керак, куни-кеча мамлакатимизда биринчи лига ўйинларига старт берилди. Урганчнинг “Хоразм” жамоаси илк турни Андижонда маҳаллий “УзДонгЖу” жамоасига қарши ўтказиб, нурсиз дуранг қайд этди (0:0). Баҳс якунига етгач “Хоразм” жамоаси бош мураббийи Александр Ежовнинг фикрлари билан қизиқдик. 

- Чемпионатнинг биринчи ўйини ҳар доим қийин ўтади – дея гап бошлади Александр Александрович. Чунки футболчиларда бироз ҳаяжон сезилиб туриши табиий. Ўйлайманки бугунги дуранг натижа адолатли бўлди. Стадионга келган ишқибозлар зерикиб қолмади деган фикрдаман. Чунки ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун бор кучларини бериб, астойдил харакат қилди. Тан оламан, бугунги баҳсда “Хоразм”га бироз қийинроқ бўлди. Умид қиламанки, ўйиндан-ўйинга йигитлар ўзларини ижобий қирраларини намоён этиб боради.  

- Бугун жамоангиз сафарда дуранг қайд этди. Айтингчи бир очко қўлга киритилдими ёки икки очко йўқотдик деб ҳисоблайсизми? 

- Биласизми биз мавсумга тайёргарликни жуда кеч бошладик. Шунга қарамай имкон даражасида чемпионатга пухта тайёргарлик кўришга интилдик. Бугун шогирдларимнинг кўрсатган ўйинидан тўлиқ қониқдим деб айта олмайман. Ҳали олдинда жуда кўп ишлашимиз кераклиги яққол кўзга ташланиб турибди. Камчиликларни эса аста-секин бартараф этиб борамиз. Саволингизга келадиган бўлсак, бугун икки очко йўқотдик. Лекин “УзДонгЖу”дек биринчи лигада юқри ўринлар учун курашадиган жамоанинг майдонидан бир очко олиш ҳам биз учун ютуққа тенг деган бўлардим. 

- “УзДонгЖу”дан қандай ўйин кутгандинглар? Умуман рақиб жамоа сизда қандай таассурот қолдирди?

- Ўйиндан олдин “УзДонгЖу”ни ўрганиб чиққандик. Улар билан қишда синов-назорат баҳсида иштирок этганмиз. Таркиби асосан ёшлардан ташкил топган. Лекин курашчан жамоа сифатида шакллантирилмоқда. Бугун “УзДонгЖу” олдингига нисбатан анча яхши ўйнади. Қолаверса таркибидаги 3-4 нафар футболчининг ўйини менга жуда ёқди. Уларни ҳозир сизга аниқ айтишни истамайман.Ўйлайманки уларга янада эътибор қаратилса бемалол олий лигада ўйнаб кета олади. 

- Бугунги ўйин сунъий қопламали майдонда бўлиб ўтди. Футболчиларга бу салбий таъсир ўтказдими?

- Ҳа, йигитларга қийин бўлди. Бир кун аввал ўйинолди машғулотини ҳам ушбу майдонда ўтказгандик. Шундаёқ футболчиларим айтганди. Чунки бунгача биз табиий майдонда шуғулланиб келаётгандик. Шу боис шогирдларим фарқни сезаётганини билдирди. 

- “Хоразм” ғалаба билан қайтиши ҳам мумкин эди. Сизнингча бунга нима етишмади?

- Тўғри айтасиз, Андижондан уч очко билан қайтишимиз ҳам ҳеч гап эмасди. Бироз омадимиз чопмади. Йигитларнинг харакатларидан 70 фоизга қониқдим деган бўлардим. Шогирдларимга ўзига бўлган ишонч етишмади. Айниқса ёшларга маҳоратнинг камлиги панд берди. Баркамол авлод турнирига бўлаётган саралаш босқичида бир нечта футболчиларимиз иштирок этаётгани сабабли, бугун 2001 йилда туғилган ўйинчимиздан фойдаланишга мажбур бўлдик. 

- Олдинги чизиқ вакиллари бир неча бор қулай вазиятларни кўкка совурди. Айниқса Камрон Абдуҳамидов. Бу ҳам тажриба билан боғлиқми?

- Юқорида айтиб ўтганимдек, йигитларга ўзига бўлган ишонч етишмаяпти. Шунингдек тажрибасизлик ҳам панд бермоқда. “Сигриннист” ҳам йўқ. Тайёргарлик бироз кеч бошланди. Камрон Абдуҳамидов ёш ҳужумчи. У бунгача катта футболда ўйнамаган. Сафимизга ҳам кеч қўшилди. Унга ишонч билдирамиз. Имкониятдан қанчалик фойдаланиши унинг ўзига боғлиқ. 

- Ўзбекистон Кубогининг 1/16 финал босқичида “Хоразм” сафарда “Навбаҳор”га йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Айтишларича ўйин борасида олий лига жамоасига етарлича қаршилик кўрсата олгансизлар. Бу фикрга қанчалик қўшиласиз?

- “Навбаҳор” барибир олий лига жамоаси саналади. “Хоразм” билан солиштирганда, сезиларли фарқ бор албатта. Уларда тенг кучли иккита таркиб бўлиши аниқ. Бизда эса ундай эмас. Шогирдларим майдонга чиқиб, астойдил ўйнашди. Уларга эътирозим йўқ. Биринчи таймда иккита тўп ўтказиб юборган бўлсакда, тўпни назорат қилиш борасида рақибдан қолишмадик. Иккинчи бўлимда эса йигитларда чарчоқ сезлилди. Жисмоний томондан ютқазиб қўйдик. Натижада ҳисоб йирик кўриниш олди. Шунга қарамай учрашувдан кейин мезбон жамоа мураббийлари келиб, “Хоразм” ҳақида илиқ фикрларни билдирди. Юқорида айтганимдек, мавсумга тайёргарликни кеч бошлагандик.   

- “Хоразм”да мураббий сифатида иш бошлаганингизга кўп вақт бўлгани йўқ. Бу ердаги фаолиятингиздан кўнглингиз тўляптими?

- Жамоада мени барча нарса қониқтирмоқда. Бу ерга ишлаш ва мураббий сифатида янада ўсиш мақсадида келганман. Қолаверса ўзим урганчликман. Илгари бу ерда футболчи фаолият олиб борганман. Эндиликда “Хоразм”га мураббий сифатида ёрдам бермоқчиман. Қолганини вақт кўрсатади. 

- Жамоада шароитлар қониқарли даражадами? Бундай дейишимизнинг боиси илгари ўзимиз гувоҳ бўлганмиз, “Хоразм” водийга мураббийсиз келганди. Клуб администратори ўзи билан 13-14 нафар ўйинчини олиб келарди. Бу каби холатлар жорий мавсум такрорланмасмикин?

- (Бироз ўйланиб) Йўқ, бу йил энди бу каби холатлар такрорланмаслиги керак. Бу жуда ачинарли холат. Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлади. Клубда ишни ўзимиз тўғри йўлга қўйишимиз талаб этилади. Ёрдамчим Ғайрат Шихов билан бу борада ҳам биргаликда ҳамфикр бўлиб ишламоқдамиз. Аста-секин Урганчда футболга бўлган муносабат ўзгармоқда. Вилоят раҳбари томонидан эътибор қаратила бошланди. Энг асосийси ҳам аслида шу эмасми.    

- Кейинги турдаги рақибинглар – “Цементчи” бугун ўз майдонида “Орол”ни йирик – 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Бундан чиқдики, Қувасойда “Хоразм”га ҳам осон бўлмайди. Фикримизга қўшиласизми? 

- Жорий мавсум биринчи лиганинг 6-7 нафар клуби олдига элитага чиқиш вазифаси қўйилгани ҳақида айтилмоқда. Қайси бир жамоа вакили билан бу борада гаплашманг, юқори ўринлар учун курашиши таъкидламоқда. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳақиқатдан ҳам бу йил биринчи лига ўйинлари ҳам анчагина томошабоп ва муросасиз руҳ остида ўтади. Ҳеч бир ўйин оддий ўтмайди. Албатта Қувасойда ҳам бизни осон бўлмаган ўйин кутиб турибди. Лекин “Хоразм” ҳам осонликча таслим бўлмайди.  

- Агарда “Цементчи” билан ҳам дуранг қайд этилса жамоангиз водийдаги иккита ўйинда икки очко жамғарган бўлади. Буни ижобий натижа сифатида қабул қиласизми ёки ...?

- Чемпионат давомида нечта очко жамғарганимиз мавсум сўнгги кўрсатиб беради. Шунда қанчалик қониқиш хосил қилингани тўғрисида аниқ фикр билдириш мумкин. Нега энди биз дурангни ўйлаб майдонга чиқишимиз керак?! “Хоразм”га ҳам ғалабалар керак. Ахир мухлислар биздан ҳам доим уч очко кутади.  Менимча ҳар қандай мураббий ғалаба қозонишни истайди. Шу боис айтадиган бўлсам, “Цементчи”га қарши учрашувда фақат-фақат ғалаба учун ўйнаймиз. Қолганини ўйин кўрсатиб беради.    

- “Цементчи” ҳақида нима дейсиз?

- Бу жамоанинг ўйинини кўрмадим. Лекин “Олмалиқ” мураббийлари билан суҳбатлашганимда, Қувасой жамоаси тўғрисида яхши фикрларни билдирди. Чунки улар Ўзбекистон Кубоги доирасида бир-бирига қарши ўйнашганди. 

- Бу йил жамоада ишга кечроқ киришдим деб айтиб ўтдингиз. Тайёргарлик қанчалик қониқиш хосил қилдингиз?

- 60-70 фоизга кўнглим тўлди дейишим мумкин. Агар имкони бўлганида таркибни янада кучайтирган бўлардим. Хусусан марказий ярим ҳимоя ва ҳужум чизиғига тажрибали ўйинчиларни жалб этиб олсак , мақсадга мувофиқ бўларди. 

- Юқорида ўзингиз айтиб ўтдингиз, бу йил кўплаб жамоалар олий лигага чиқиш учун курашишини таъкидламоқда деб. “Хоразм” ишқибозлари ҳам жамоани яна олий лигага қайтишига умид қилмоқда. Чунки улар катта футболни анча соғиниб қолган. Нима деб ўйлайсиз, жамоангиз олдига яқин йиллар ичида элитага чиқиш вазифаси қўйиладими?

- Албатта биз ҳам буни хоҳлардик. Ниятимиз ҳам аслида шу – жамоани яна кучлилар сафига қайтариш. Чунки Хоразм ҳам ўзбек футболига кўплаб иқтидорларни етказиб берган. Бугунги кунда бир қатор футболчиларимиз Тошкент ва бошқа вилоят жамоаларида ўйнаб келмоқда. Жамоамиз яна кучлилар сафига қайтса, Жамшид Искандеров, Жалолиддин Машарипов, Мурод Бобожонов ва Рўзимбой Аҳмедов сингари урганчлик йигитларни таркибга жалб эта олсак, ишқибозларимиз жуда мамнун бўларди. Айни пайтда ҳам кўряпманки, Урганчда иқтидорли ёшлар жуда кўп етишиб чиқмоқда. Афсуски уларнинг барчасини бугунги кунда жамоамизга ололмаймиз. Агарда элитига чиқсак, ёшлар жамоасига иқтидорларни жалб этиб эътиборни янада оширамиз. Умид қиламанки, вилоятимиз раҳбари бу борада бизга ёрдам беради. 

- Маълум муддатлик “танаффусдан” сўнг яна “Хоразм”га қайтдингиз. Фақат бу сафар мураббий сифатида. Айтингчи қандай ўзгаришларни кўрдингиз?

- Бу борада энг аввало замонавий тарзда қад ростлаган “Олимпия” стадионини айтган бўлардим. Олий лига талабларига жавоб беради. Жуда ҳам кўркам ва барча қулайликларга эга. Фақат битта олий лигага чиқиш қолди холос. Насиб қилса қилса, келаси йил олдимизга элитага чиқиш вазифаси қўйилса бу борада жиддий ишлаймиз.