Александр Хомяков: Таркиб танлашда адашдим...

“Қизилқум” – “Машъал” (2:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида дастлаб муборакликлар устози Александр Хомяков ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Учрашувнинг дастлабки 30 дақиқасини яхши ўтказдик, холос. Рақиб биздан ҳайиқдими ёки бошқа сабабми гол уриш учун бир неча вазиятларни ярата олдик. Аммо улардан фойдалана олмадик.  Мезбонлар эса танаффус олдидан гол уриб, имкониятларини яхшилаб олишди. Таркибда маҳоратли футболчилар жамлангани уларга қўл келди. Биз эса иродасиз ўйин кўрсатдик. Умуман олганда мағлубиятга асосий айбдор ўзимман: сабаби таркиб танлашда адашдим. Бунинг учун жамоамиз мухлисларидан узр сўрайман.

– Иккинчи бўлим бошида жамоа сардори Зафар Тўраевни алиштирдингиз. Бу уни биринчи тайм охирида олган жароҳати билан боғлиқми ёки бошқа сабаби борми?

– Агар футболчи ҳамма майдонга чиқиб, оғир ва машаққатли меҳнатдан қочадиган бўлса, биз уларнинг ўрнига кўзи ёниб турган ёшларни майдонга туширамиз.  Биринчи даврадан кейин унинг жамоада қолиш ёки қолмаслигини кўриб чиқамиз.

Бугун ҳужумдаги футболчиларимизнинг ҳаракатларидан ҳайратдаман. Улар ўзларига билдирилган ишончни оқлай олишмади.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!