"Аллюр" от спорти клубида Марказий Осиё чавандозлари баҳслашмоқда (фото)

21 апрель, 23:40 655

Тошкент вилоятида от спорти бўйича Жаҳон кубогининг Марказий Осиё лигаси биринчи босқич мусобақалари бошланди. 
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, мамлакатимиз от спорти федерацияси ҳамда Халқаро от спорти федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан элликка яқин спортчи ғолиблик учун куч синашмоқда.

Жаҳон кубогининг Марказий Осиё лигаси босқичларида чавандозларимиз йигирма уч марта шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан ўрин олган. Спортчиларимиздан Ғайрат Назаров тўққиз марта ғалаба қозонган. Умид Комилов олти марта, Азиз Содиқов икки марта биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Исожон Содиқов, Даврон Ғофуров, Владимир Шмелёв, Абдулазиз Маматхонов, Нуржон Туёқбоев ва Аъзам Толиббоев бир мартадан ғолиб чиққан. Мусобақа доирасида ўтказиладиган “Миллатлар кубоги” жамоавий беллашувларида ҳам мамлакатимиз терма жамоаси аъзолари йигирма уч марта зафар қучган. 
Жумладан, 2016 йилги спорт мавсумида ўтказилган Жаҳон кубогининг Марказий Осиё лигаси барча босқичида Нуржон Туёқбоев, Умид Комилов ва Аъзам Толиббоев ғолибликни қўлга киритган. 
Бўстонлиқ туманидаги халқаро талабларга тўлиқ жавоб берадиган “Аллюр” от спорти клубида ўтказилаётган мусобақанинг шахсий беллашувларида чавандозлар конкур – тўсиқлардан от сакратиш йўналиши бўйича баҳслашмоқда. Мусобақа доирасида анъанавий “Миллатлар кубоги” жамоавий баҳслари ҳам ўтказилади. 

Манба:uza.uz

 

 

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.