Алпомиш ММАдаги иккинчи жангини 11 май куни ўтказади

АҚШда фаолият юритиб келаётган аралаш жанг санъатлари (ММА) устаси ўзбекистонлик Муродбек Чориев (лақаби - Алпомиш) ўзининг навбатдаги жангини 11 май куни ўтказади.

Миссури штатининг Сент Льюис шаҳридаги “River City Casino & Hotel” аренасида бўлиб ўтадиган жангда унга мезбон спортчи Антони Оден рақиблик қилади.

- Қисқа муддат ичида иккинчи жангимни ўтказяпман. Жангга тайёргарлик аъло даражада. Умид қиламанки, бўлажак жангда барча ҳамюртларимнинг ишончини оқлаб, ғалаба қозонишга ҳаракат қиламан, - дейди Муродбек Чориев бўлажак жанг олдидан.

Айни дамда спортчимиз мураббийлари Стивен Манн ҳамда Жесси Финнан қўл остида жангга жиддий ҳозирлик кўрмоқда.

- Мен охирги 5-7 йилдан бери Макс (мураббийлари уни шундай чақиришади – Sports.uz) билан ишлаганимдан жудаям мамнунман. Биз бу вақт ичида кўп ёшлар билан ишладик, лекин бу йигит доим ўсишда давом этмокда. Энг асосийси, у биз билан ўсмокда, биз у билан. Ҳозир у ҳаваскор рейтингда чемпион ва биз яқин орада уни профессионал жангчига айлантирамиз ва ишонаманки, 3-5 йилда у UFC ёки Bellator чемпиони бўлади, - дейди Жесси Финнан.

Эслатиб ўтамиз, эркин ва юнон-рум кураши бўйича бир қанча халқаро турнирлар ғолиб ва совриндори бўлган Алпомиш апрел ойида ММАда дебют қилиб, бу турнирни ғалаба билан бошлаган эди.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!