Амиржон Сафаров: Биринчи лигада бежизга тўпурар бўлмаганлигимни Олий лигада ҳам исботламоқчиман

1 май,2017, 13:03 325

Амиржон Сафаров: Биринчи лигада бежизга тўпурар бўлмаганлигимни Олий лигада ҳам исботламоқчиман

 

«Динамо» жамоаси сафида ўтган 2016 йилда мавсум кашфиётига айланган ёш ҳужумчи Амиржон Сафаров Биринчи Лигадаги илк мавсумида 23 та гол уриб, энг яхши тўпурарлар сафига қўшилганди. Жорий йилда ҳам Амиржон Сафаров мухлисларни қувонтиришда давом этмоқда.

Жумладан, Самарқанддаги сўнгги икки ўйинда захирадан майдонга тушиб, дастлаб «Бухоро» дарвозасини ишғол этган бўлса, куни кеча «Сўғдиёна»га қарши иккинчи бўлимда «дубл» қайд этди ва жамоасига муҳим бир очкони келтирди. Ўйиндан кейин футболчининг фикрлари билан қизиқдик.

- «Сўғдиёна» билан баҳсда фақат ғалабани кўзлаган эдик. Афсуски, дурангга эришдик. Менимча, рақибни кучига тўғри баҳо бера олмадик. Жамоамга фойда келтира олганимдан хурсандман» - дея сўз бошлади Амиржон Сафаров.

«Биринчи бўлим 0:0 ҳисоби билан якунланганидан кейин мураббийларимиз иккинчи бўлимда майдонга тушишимни айтишди. Улар ҳужумкорликни ошириб, тўпни кўпроқ ўзимда сақлашим лозимлигини ва қулай вазиятларга чиқишимни уқтиришганди. Жамоадошим зарба бераётганда тўғри жой танлай олдим ва дарвозабон қайтарган тўпни голга айлантирдим. Иккинчи голимдаги вазиятда эса, дарвозанинг яқин бурчагига зарба йўлладим ва тўп дарвоза устунига тегиб, тўрдан жой олди. Ғалаба бўлмасада, бир очко ҳам ҳозирда биз учун жуда муҳим эди» - дейди Сафаров.

«Ҳозирча Олий Лигада 3 та гол уришга, битта голли пас амалга оширишга эришдим. Мураббийларимиз имконият беришда давом этишса, ишончни оқлашга интиламан. Ўтган йили Биринчи Лигада бежизга тўпурар бўлмаганлигимни Олий Лигада ҳам исботламоқчиман. Мураббийлар ишончи ва ҳар ўйиндаги минглаб мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида кейинги ўйинларда ҳам жамоамизга фойда келтиришга бор куч ва имкониятимни сарфлайман» - дея фикрини якунлади 22 ёшли «Динамо» ҳужумчиси.

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.