“Андижон” эртага “Бунёдкор” ёшларига қарши ўйин ўтказади

16 март,2017, 15:45 422

“Андижон” эртага “Бунёдкор” ёшларига қарши ўйин ўтказади

 

Аввал хабар берганимиздек, «Андижон» жамоаси мавсумлар оралиғидаги сўнгги йиғинини Тошкентда олиб бормоқда. Пойтахтдаги йиғин чоғида футболчилар кунига икки маҳалдан шуғулланиб, бир қатор синов-назорат ўйинларида ҳам майдонга тушмоқда. Хусусан Қозоғистоннинг «Каспий» ва Бухоронинг «Нурафшон» жамоаси билан нурсиз (0:0) дуранг қайд этди. Тошкентнинг «Ўрикзор»и эса 3:1 ҳисобида таслим этилди.

Клуб матбуот хизматининг маълум қилишича, кеча «бургутлар» навбатдаги ўртоқлик ўйинини «Хоразм»га қарши ўтказиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувда аввалига урганчликлар стандарт вазиятдан ҳисобни очган бўлса, сўнгра андижонликлардан Фарруҳ Шотурсунов билан Шаҳбоз Жумабоев жавоб қайтарди.

Таркибга марказий ҳимоячи Тимур Кагиров келиб қўшилганини маълум қиламиз. Мухлислар яхши билишса керак, тажрибали футболчи илгари ҳам «Андижон» (2005 ва 2008 йиллар) сафида ўйнаганди.

Эртага андижонликлар «Бунёдкор» ёшларига қарши синов-назорат баҳсида майдонга тушади. Шундан сўнг «Андижон»нинг Тошкентдаги йиғини якунига етади.