“Андижон” клубида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди

11 июнь,2017, 13:15 330

“Андижон” клубида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди

Кеча “Андижон” футбол клубининг набатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбир вилоят касаба уюшмасининг мажлислар залида кечди. Унда жамоа раҳбарияти, мураббийлар штаби, футболчилар ва бир нечта ашаддий ишқибозлар ҳам бевосита иштирок этди. 
Йиғилишни вилоят жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси Озодбек Саидов олиб борди ва унда жамоанинг сўнгги пайтлардаги қониқарсиз натижаси ҳақида кескин фикрлар билдирилди. 
У йиғилиш давомида “Андижон”нинг ўз уйида “Хоразм” ва “Орол”га қарши баҳсларда қайд этган дуранг натижаси ва кейинги сафар ўйинларида “Сурхон” билан “Насаф-2”га қарши баҳсларда йўқотилган қимматли очколар борасида қаттиқ куюниб гапирди ва сўзни раҳбарият, бош мураббий ва жамоа аъзоларига бериб, уларни салбий натижага нима сабаблар бўлаётгани ҳақида фикрлари билан қизиқди. 
Жамоа натижаларига масъул бўлган Виталий Легай сўз олиб, қониқарсиз натижалардан кейин раҳбарият ва мухлислар олдида узр сўрашини ва келгусида янада кўпроқ ишлаб, жамоа олдига қўйилган вазифани бажаришга астойдил харакат қилишларини билдирди. 
Сўнгра, жамоанинг тажрибали футболчилари Анвар Бердиев ва Иброҳим Отахоновлар ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб ўтишди. Улар салбий натижалар қайд этилишида энг аввало футболчилар айбдор эканлигини, раҳбарият томонидан барчаси кўнгилдагидек эканлигини таъкидлаб ўтишди. 
Шунингдек, Анвар Бердиев ўз сўзида “Сурхон”га қарши бўлиб ўтган ўйинда юз берган салбий ва ўзига хос шов-шув уйғотган холат бўйича ҳам мухлислар олдида бутун футболчилар номидан кечирим сўрашини билдирди. 
Жамоа сардори Иброҳим Отахонов эса “Насаф-2”га қарши баҳсда қайд этилган йирик ҳисобдаги мағлубиятда энг аввало ёш футболчиларни ишончсиз харакат қилгани билан боғлиқ эканлигини айтди. 
Йиғилиш чоғида Озодбек Саидов клуб раҳбариятига шу кунгача бош мураббий сифатида ишлаб келган Виталий Александровични ўз лавозимидан озод қилишликни ва унинг яқин ёрдамчиси сифатида ишлаб келган мураббий Абдурашид Исмоиловни эса истеъфога чиқаришини талаб қилди. Қолаверса айрим интизомсиз футболчиларга кескин чора кўрилиб, баъзиларига хайфсан эълон қилиш кераклигини айтди. Шу ўринда айтиш керакки, биринчи давранинг қолган учта ўйинида ижобий натижа қайд этилмаса, таркибдаги бир қатор футболчилар билан тузилган шартномалар бекор қилиниши таъкидланди. 
Йиғилишда мухлислар клуби етакчиси Нодирбек Тўйчиев ҳам сўз олиб, футболчилардан ҳар бир учрашувда фақат ва фақат ғалаба кутишларини, афсуски сўнгги пайтлардаги салбий натижалар ишқибозларни чуқур изтиробга солиб қўяётганини, бундан жамоа аъзолари тўғри хулоса чиқариб, келгусида вазиятни ижобий томонга ўзгартириши шарт эканлигини ҳақида гапирди. 
Шундан сўнг клуб қароргоҳида ҳам клуб раҳбарият футболчилар билан учрашиб, яна бир бор очик суҳбатлашиб олди ва кейинги учта ўйинда 9 очко учун курашишлари кераклигини билдирди.