"Андижон" навбатдаги турга тайёргарликни бошлади

25 апрель,2017, 08:37 261

Хабарингиз бор, кеча «Андижон» биринчи лиганинг 5-турида «УзДонгЖу» жамоасини 2:0 ҳисобида таслим этиб, мағлубиятсиз сериясини давом эттирди. Энди навбатдаги турдаги рақибимиз - Қувасойнинг «Цементчи» жамоасидир. Абдумалик Ҳакимов бошчилигидаги ушбу жамоа айни дамда турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда, дея клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

 «Андижон» билан ўртадаги очколар фарқи иккитани ташкил этаётганини ҳам айтиш лозим. Қувасойликлар бугунгача 5та ўйин ўтказиб  юз фоизли натижа кўрсатиб келмоқда. Шу боис айтиш мумкинки, 26  апрель куни Қувасойда бўлиб ўтадиган «Цементчи» - «Андижон» учрашуви кескин ва муросасиз тарзда ўтиши турган гап. «Бургутлар» устози Виталий Легай кечаги ўйиндан сўнг футболчиларга дам бермади ва навбатдаги муҳим беллашувга тайёргарликка киришилди. Бугун эрталаб ўтказилган машғулотда мураббийлар айрим футболчилар билан тикланиш машғулотини олиб борган бўлса, қолганлар тўлиқ куч билан астойдил шуғулланди. Таркибда Абдукарим Муҳамедовдан бошқа йўқотишлар йўқ. Иқтидорли посбон «УзДонгЖу» билан ўйиндан олдинги машғулотда кутилмаганда оёғидан жарохат олиб, бир неча ойга сафдан чиқди. Қолган футболчиларимиз соппа-соғ ва улар бўлажак жиддий ўйинга жангавор тайёргарлик ва юқори кайфиятда дейиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, биринчи лиганинг ушбу марказий учрашуви 26 апрель, чоршанба куни Қувасой шаҳридаги «Цементчи» стадионида соат 16:30да бошланади. Ишқибозларимизни қизиқарли кечиши кутилаётган ўйинга таклиф этиб қоламиз. Зеро, «Цементчи»га қарши учрашувда мухлислар далдаси жамоамиз учун муҳимдир. Шундай экан, биз сизларни стадионда кутамиз!