“Андижон” ўз таркибини кескин кучайтирди

Жорий мавсум ўз олдига Суперлигага чиқишни мақад қилиб олган “Андижон” жамоаси юзага келган трансфер ойнасида таркибни кучайтириш мақсадида бир нечта янги футболчиларни ўз сафига қўшиб олди.

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгар” стадионида кунига икки маҳалдан машғулот олиб бораётган “бургутлар” ёзги трансфер чоғида ўз сафига янги 9 нафар футболчини қўшиб олди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Никита Рибкин. 26 ёшли дарвозабон мавсумнинг биринчи қисмини Суперлига қатнашчиси “Металлург”да ўтказганди. Мухлислар яхши билишса керак, иқтидорли посбон бунгача элитанинг “Пахтакор” ва “Қўқон-1912” жамоаларида ҳам ўйнаган. Никита ҳозирча машғулотларда ижобий таассурот қолдирмоқда. 

Фарҳод Мираҳматов. Амплуаси ҳимоячи. 24 ёшли футболчи биринчи даврада Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоасида ўйнади. Даврон Маматов. “Нефтчи”нинг собиқ футболчиси “Андижон” сафига аввалроқ қўшилганди. Марказий ҳимоячи мавсумнинг биринчи қисмида “бургутлар” сафида “Машъал”га қарши расмий учрашувда иштирок этишга улгурди.

Суннатилла Эрматов. Ушбу иқтидор эгаси ҳам трансфер ойнаси очилиши биланоқ “Андижон” аъзосига айланиб улгурганди. 23 ёшли ярим ҳимоячи “Андижон”нинг сафарда “Машъал”га қарши ўтказган ўйинида гол уриб, жамоасининг сафардан очко билан қайтишида катта ҳисса қўшди.

Дониёр Ҳасанов. Собиқ “Обод” жамоасининг сардори. Майдон марказида абжирлиги ва аниқ тўп оширишлари орқали эътибор қозонган футболчи. Ҳасанов мавсумнинг биринчи қисмини “Сўғдиёна”да ўтказди. Давралар оралиғида Дониёр “Андижон”дан тушган таклифга розилик бериб, шартнома имзолади.

Нодирхон Камолов. Марказий ярим ҳимоядаги рақобатни кучайтириши шубҳасиз. “Қизилқум” жамоасидан таклиф этилди. 24 ёшли фарғоналик футболчидан мураббийларнинг умиди катта.

Элбек Отақулов. Трансфер ойнасининг сўнгги кунида ПФЛ рўйхатидан ўтказилган футболчимиз бўлди. Элбек “Насаф” футбол академиясининг тарбияланувчиси саналади. 19 ёшли футболчи мавсумнинг биринчи қисмини “Сурхон”да ижарада ўтказганди. Эндиликда Отақулов “Андижон” аъзосига айланди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, қаршилик футболчи чап қанот ҳимоячиси ва ярим ҳимоячиси сифатида ҳам бирдек ўйнай олади.

Фарҳод Бекмуратов. Андижон футболи тарбияланувчиси ярим йиллик танаффусдан сўнг яна жамоага қайтарилди. Мухлислар яхши билишса керак, Бекмуратовларнинг тўнғичи йил бошида Тошкентнинг “Локомотив” клубига ижарага берилганди. Иқтидорли футболчи эндиликда “бургутлар”нинг Суперлигага қайтишида бор кучини ишга солмоқчи. Фарҳод ҳам трансфер ойнаси ёпиладиган куннинг ўзида яна “Андижон”га “заявка” қилинди.

Қадамбой Нурметов. Хоразмлик бақувват ҳужумчиларнинг давомчиси дейиш мумкин. 22 ёшли футболчи оғир жарохатлардан сўнг яна аввалги спорт формасини тиклаб бормоқда. Мавсумнинг биринчи қисмида Нурметов ПРО-Лига тўпурари бўлди. Шу боис “Андижон”даги олдинги чизиқни ҳам янада кучайтириш мақсадида Қадамбой таклиф этилди.

Юқорида номлари келтириб ўтилган футболчиларнинг барчаси билан “Андижон” жамоаси 1,5 йиллик шартнома имзолади. Фақатгина Элбек Отақулов йил якунига қадар ижара асосида ўйнайдиган бўлди.

Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, мавсумнинг биринчи қисмини “Андижон”да ўтказган айрим футболчилар билан клуб дўстона равишда хайрлашишга қарор қилди.

Бегзод Ғанижонов, Миржалол Ражабов, Ҳошимбек Шокиров, Хусан Олимжонов, Усмонали Исмоналиев, Алишер Абдувоҳидов, Обид Ҳакимов ҳамда Маъруф Зокиржонов каби футболчилар билан тузилган шартнома ҳар икки томоннинг ўзаро қарорига мувофиқ бекор қилиниб, ушбу ўйинчилар “Андижон” жамоасини эркин агент сифатида тарк этди.

Марказий ярим ҳимоячи Элдор Бойматов Суперлига клуби “Қизилқум” жамоасига трансфер қилинди.  Ушбу футболчиларнинг “Андижон” ривожи учун қўшган хиссаси учун миннатдорчилик билдириб, келгуси фаолиятига омад тилаб қоламиз.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!