Андрей Фёдоров: Бугунги натижа ўйинга мос бўлди

31 март,2017, 19:10 360

Андрей Фёдоров: Бугунги натижа ўйинга мос бўлди

 

“Нефтчи” – “Қўқон-1912” баҳсидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида фарғоналиклар устози Андрей Фёдоров иштирок этди. Мураббий ўйин ҳақида қуйидагича фикр билдирди. Бу ҳақда “Нефтчи” матбуот хизмати хабар бермоқда. 

- Бугунги натижа ўйинга мос бўлди. Қўқон жамоасига қарши ўйинимиз билан дуранг натижага лойиқ эдик, ғалабага эмас. “Қўқон-1912” футболчилари жисмоний жиҳатдан яхши тайёргарликка эга эканлиги кўриниб турибди. Мағлубиятга асосий сабаб сифатида айтишим мумкунки, бугун шогирдларимда спортга хос хисиёт етишмади. Йигитларнинг жисмоний ҳолати жойида. Гап уларнинг ўйинга бўлган муносабатидадир. 2 ҳафтада 3 та дербида иштирок этдик. Мазкур ўйинлардан сўнг асосий таркибдаги йигитларнинг айримлари бугунги баҳсга тўлиқ тайёр эмаслиги кўринди. Гол урганимиздан сўнг тактик ўзгаришларни амалга оширдик ва ўйинимизда жонланиш юзага келди. Бироқ кейинчалик йигитлар мана темпни ушлаб қола олишмади.

- Андрей Витальевич, “Нефтчи”да тартиб-интизом борасида камчиликлар кўзга ташланяпти. Андижонда Музаффаров четлатилган бўлса бугун Дилёр Ирматовда худди шундай вазият кузатилди...

- Интизом масаласида доим йигитлар билан ишлайман. Музаффаров федерация ва клуб томонидан кескин жазоланди.  Дилёрга келсак унинг ўйин услуби мана шундай кескин шаклланган. Ирматов хеч қачон тўғридан-тўғри қизил карточка оладиган вазиятларни юзага келтирмайди. Илк сариқ карточкаси ҳам рақиб билан бироз тортишгани учун олди холос. Тўғри у қизиқон футболчилар сирасига киради.

- “Нефтчи”  доим ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоа ҳисобланади. Бироқ 4-турдан кейин жамоанинг бисотидаги очколари атига 2 тани ташкил этади холос. Кейинги турда эса қийин ўйин кутяпти.

-  Энди 4 та ўйинда иштирок этдик. Очколарни кузда санаймиз. Кейинги турни Бухорода ўтказамиз. Ҳозирдан навбатдаги беллашув ҳақида ўйлашни бошлайман. Менинг вазифам жамоани ўйинга қўлдан келганча тайёрлаш. Мураббий учрашувда жамоасидан кўп нарса кутади. Лекин яшил майдондаги воқеалар давомийлиги ундаги иштирокчиларга боғлиқ. Майдонда мураббий футбол ўйнамайди. Мавсум аввалида мухлисларга юқори натижаларни қайд этишга ваъда қилганмиз ва шу мақсад сари доим олға борамиз, - деди Фёдоров

Эслатиб ўтамиз, "Нефтчи" - "Қўқон-1912" баҳси 1:2 ҳисоби билан якунланди. 

  

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.