Андрей Микляев: Баъзан омад ҳам муҳим факторга айланади

 

Суперлига 5-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Қўқон-1912” (1:1) учрашувидан сўнг “темирйўлчилар” устози Андрей Микляев матбуот анжуманида қуйидагича фикр билдириб ўтди. 

- Бугун ёмон ўйин намойиш этганимиз йўқ. Лекин қайд этилган натижа бизни умуман қониқтирмайди. Бир қатор қулай имкониятларни юзага келтира олдик. Уларни голга айлантиришда эса омадимиз чопмади. Рақиб эса бутун жамоа бўлиб ҳимояланди.

Сўнгги пайтларда 3-4 кун оралиғида ўйин ўтказяпмиз. Бу ҳозирги замон футболида нормал ҳолат, деса бўлади. Зеро 3 кун ичида футболчилар тикланиб, кейинги ўйинга тайёргарлик олиб бора олишади. Масалан, бугун биз жисмоний жиҳатдан рақибдан яхшироқ ўйнадик. Фақатгина гол киритиш масаласида оқсаяпмиз.

Биласизми, баъзан омад ҳам муҳим факторга айланади. Масалан, сўнгги пайтларда ўйин давомида устунлик қилсак-да баъзи учрашувларда гол ура олмаганимиз сабабли мағлуб бўляпмиз ёки дуранг ўйнаяпмиз. Умид қиламанки, бу ҳолат тез орада ўтиб кетади. Зеро олдинда Осиё Чемпионлар Лигаси доирасидаги жуда масъулиятли ўйинимиз бор. Ушбу учрашувда ғалабага эришиб, ишқибозларимизни хурсанд қилишдан умидвормиз, - деди тажрибали мутахассис.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!