Андрей Микляев: Ҳисоб янада йирикроқ кўриниш олиши мумкин эди

27 май,2017, 22:00 307

Андрей Микляев: Ҳисоб янада йирикроқ кўриниш олиши мумкин эди

Бугун Олий Лига 12-тур учрашуви доирасида “Локомотив” “Нефтчи”га қарши баҳс юритди. Мезбонларнинг тўлиқ устунлиги остида кечган баҳс 4:0 ҳисобида якунланди.

Учрашувдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида “Локо” устози Андрей Микляев қуйидагича фикр билдирди:

Ёмон бўлмаган ўйин ўтказдик. Жамоамиз тиғиз тақвимли ўйинларга қарамай секин-аста ўзига келмоқда. Бугун агар яратилган барча вазиятлардан унумли фойдаланганимизда, янада кўпроқ гол уришимиз ҳам мумкин эди.

Менга “Нефтчи” жамоасининг ўйини манзур бўлди. Ушбу клуб бизга ўхшаш ўйин намойиш қилмоқда. Фақат бугун омад уларнинг эмас, бизнинг тарафда бўлди.

Таркибда жароҳатланганлар бор экани бизга бироз панд бермоқда. Конеда жароҳат йўқ. Шунчаки, унга бироз дам олиш имконини бердик. Шу сабабли мана бугунги учрашувда ҳам Шерзод Файзиев майдонга тушди. Коне эса ўзига имкон берилишини кутмоқда.

Биз аксарият учрашувларда йирик ҳисобда ғалаба қозонмоқдамиз. Аммо бу – чемпионатда бизга рақобатчи жамоалар йўқ дегани эмас. Зеро “Қўқон-1912” ҳам анча мазмунли мавсум ўтказяпти. Қолганлар ҳам ёмон ўйин кўрсатишмаяпти. Масалан, “Шўртан” ҳам исталган рақибдан очко олишни уддалаяпти. Бу эса чемпионат қизиқарли ўтаётганидан далолат, - дейди тажрибали мутахассис.