Андрей Микляев: Кризонинг ўйини бизни қониқтирмаяпти

29 апрель,2017, 20:25 437

Андрей Микляев: Кризонинг ўйини бизни қониқтирмаяпти

Бугун Олий Лигада 8-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Голларга бой тарзда кечган ўйинда “Локомотив” “Обод”ни 7:0 ҳисобида таслим этди. 
Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида “темирйўлчилар” устози Андрей Микляев қуйидагича фикр билдириб ўтди:

- Ўйин биз кутгандек кўриниш олди. Тезкор гол киритганимиз ҳам якунда ўйин натижасига таъсир ўтказа олди. Тўғри, хатолар ҳам бўлганини таъкидлаш керак. Лекин натижа ва киритилган чиройли голлар буни “ювиб” кетди, дея оламан. 
Чемпионлар Лигасида ҳам шундай ўйнашимиз мумкинми? Биласизми, ҳар қандай жамоа ҳам рақиб имкон берганича ўйнайди. ОЧЛда эса рақиблар ҳимояси бугунгичалик даражада ўйин намойиш этмайди. 

Бугун таркибда бир нечта ўзгариш ва янгиликларни амалга оширдик. Йигитлар кўрсатмаларни ёмон бажаришмади. Маъмур Икромовга ҳам имкон берилди. У ҳам учрашувни яхши ўтказди. 
Олдинги чизиғимиз яхши ўйнамоқда. Марат Бикмаев ҳам Абдухолиқов кетгач олдинда анча эркинроқ ўйнай бошлади. Натижада эса у мана деярли ҳар ўйинда рақиб дарвозасини ишғол этмоқда. 

Ньоре Кризо ҳақида гапирадиган бўлсам, у бизни қониқтираётгани йўқ. Ушбу футболчи майдонга тушганда ҳам кам югурмоқда. Қолаверса, у машғулотларда ҳам ўз устида имкон қадар кўпроқ ишлаб, “қўшаётгани” йўқ. Аслида легионер маҳаллий ўйинчилардан бир калла устун ўйнаши лозим. Кризо эса биз кутгандек ўйнаётгани йўқ, - дейди мутахассис.

Ижтимоий тармоқлар

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг!

.