Анвар Бойназаров: Чемпион бўлиш йўлида менга ҳеч нарса тўсиқ бўла олмайди (1-қисм)

Спорт оламида яккакурашлар алоҳида ўрин эгаллайди. Каратэ, таэквандо, кураш, кикбоксинг, муай тай спорт турларида бўладиган жанглар кўпчиликни бефарқ қолдирмайди. Бугунги кунда муай тай бўйича тажрибали спортчимиз Анвар Бойназаров жаҳон ареналарини бирин-кетин забт этиб келмоқда. У ўзига хос жанг усули ва натижалари билан мухлису мутахассислар эътиборини қозониб улгурди.

SPORTS.uz интернет портали cўнгги вақтларда профессионал рингларда фаолият юритиб, юқори марраларни забт этиб келаётган спортчилар билан суҳбатларни давом эттиради. Бу галги меҳмонимиз муай тай тарихида 5 йил ичида 100дан ортиқ профессионал жанг ўтказиб, жаҳон рекордини ўрнатган Анвар Бойназаров бўлди.

Маълумот: Анвар Бойназаров 1989 йили Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилган. 12 ёшидан бери спортнинг таэквандо тури билан шуғуллана бошлаган. Кейинчалик муай тай бўйича ҳаваскорлар машғулотларига иштирок этди. 2008 йили Таиландда ўтган ҳаваскорлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолибликни қўлга киритган. 2011 йили Пхукет шаҳрида WMF йўналиши бўйича жаҳон чемпиони бўлди. 2013 йили иккинчи марта ушбу шоҳсупага кўтарилди. Бундан ташқари муай тай тарихида чемпион бўлган илк ўзбекистонлик. Шунингдек, “Grand Prix”, “EM Legend” мусобақалари ғолиб ва совриндори...

Anvar Boynazarov

– Авваламбор, суҳбатни спортга кириб келишинингиз билан бошласак...

Спортга кириб келган вақтимда ёшим 12да эди. Маҳалламизда битта спорт мактаби бўларди. Гарчи бу ерга кўпчилик болалар қатнаб турсада, етарли шароитга эга эмасди. Аммо уларни бундан эмас, ўзларида бўлган ишонч, хоҳиш сабабли қатнашни тўхтатмасди. Шулар қаторида мен ҳам бор эдим ва таэквандо билан шуғулланардим. Кейинчалик тушуниб етдикки, юқоридаги сабабларнинг барчаси арзимас баҳоналар бўлиб чиқди. Спортда, умуман нафақат ушбу соҳада, балки бошқа соҳаларда ҳам юқори марраларни, орзуларни амалга ошириш учун турли баҳоналар тўсқинлик қила олмас экан.

– Таэквандо билан бошлаган экансиз, қандай қилиб муай тай спорт турига ўтиб қолдингиз?

– Ўша вақтларда муай тай спорт  тури борлигини ҳатто билмас ҳам эдим. У қанақа спорт тури? Бошқалардан нимаси билан фарқ қилади? Бу ҳақда етарли тушунча ҳам бўлмаган. Аммо менда чемпион бўлиш, энг кучли бўлиш орзуси жуда кучли эди. Мен муай тайни худди каратэ сингари тасаввур қилганман. Спортдан кўпроқ каратэ ва боксни билардим. Ёшлигимдан афсонавий Майк Тайсон жангларини зўр қизиқиш билар томоша қилардим. Шундан сўнг қалбимда Тайсондек чемпион бўлиш орзуси кучая борди.

– Бироқ бирдан бунга ўтиб бўлмасди. Юқорида айтганимдек, баҳоналар миямни қотира бошларди: “Оддий бир қишлоқда яшасанг, сенга чемпионликка йўл бўлсин. Сен ўзингни улар билан тенглаштирма. Шароитни қара. Сенда нима бор?”. Бош қотиб юрган кезлари телевизор орқали К1 мусобақасидаги жангларни кўриб қолдим (К1 – бутун дунё бўйича тик туриб уруша оладиган энг кучли спортчилар ўртасидаги профессионал спорт мусобақаси.– SPORTS.uz). Шундан кейин ушбу спорт тури бўйича дискларни излаб топдим ва маълумот йиғдим. Бу ичимдаги орзуни (чемпион бўлиш) янада қўзғаб юборди. Ўшанда таиландлик бир спортчининг хатти-ҳаракатлари мени жуда қизиқтириб қўйди. Ҳали ҳамон у ёдимда. Унинг ҳаракатлари бошқа спорт турлариникига ўхшамас, бетакрор бўлиб, мени ўзига боғлаб қўйди. Сўраб билсам бу муай тай экан. Кейин курсдошлар билан муай тай залига бордик. Ҳаммаси шундан бошланди...

Anvar Boynazarov

- К1 мусобақаси ҳақида гапириб ўтдингиз. Шу ҳақда маълумот берсангиз...

– К1 бу тик туриб ураша оладиган энг кучли спортчилар турнири. 3 дақиқадан 3 раунд бўлади. Мен Таиландда шуғулланиб юрганимда мураббийларимга бунда иштирок этишни хоҳлашимни айтардим. Улар эса устимдан кулишарди. Дастлаб бу Японияда пайдо бўлган. Секин-аста оммалашиб борди. Ҳозирда унинг ўрнига “Глория” ташкил қилинган. Бу мусобақа катта шоу тарзида ўтказилади. Бундан ташқари UFC ҳам кўпчиликка таниш. Фарқи “Глория”да фақат тик туриб урушади, UFCда кураш тушиб, ерга ётган ҳолда ҳам беллашиш мумкин.

– Сиз анчадан бери Таиландда шуғулланиб, муай тай шуғулланиб келасиз? Қандай қилиб у ерга бориб қолдингиз?

– Лицейдаги курсдошларим билан борганда муай тайни кикбоксинг деб ўйлагандик. Кейин мураббийлардан сўрадик. Олдинига бизнинг бу саволимиздан ҳайрон бўлишди, сўнгра бу ҳаваскорлар учунлигини айтишди. Агар ҳақиқий муай тай устаси бўлмоқчи бўлсанг, сен Таиландга боришинг керак дея маслаҳат беришди. Улар ўшанда чинданми ёки ёлғондан шундай дедими, буни билмайман. Бу спорт турининг ҳақиқий ватани ўша ер. Дискларда, телевизорда кўрган қаҳрамонларни ҳам ўша ерда учратишимни айтишди.

– Бу орада лицейни тугатиб, Самарқанд давлат чет тиллари институтига ўқишга кирдим ва инглиз тилини ўргана бошладим. Ҳар бир соҳада ёшлигимдан фаол бўлишга ҳаракат қилиб, уни охиригача етказиш учун бор кучим билан тиришаман. 2008 йили Ўзбекистон терма жамоаси билан Таиландга мусобақада бордик. Ўша жаҳон чемпионатида ҳаваскорлар ўртасида чемпиони бўлдим. Бу сафар кейинчалик ҳаётимни ўзгартириб юборишини билмаган эдим. У ерда муай тай бўйича профессионал машғулотларни кўриб, қизиқишим янада ортди. Шунда мен орзу қилиб келган нарсалар шу эканини тушуниб етдим. Қайтиб келганимиздан сўнг ҳам бу нарсалар ҳаёлимдан ҳеч кетмай қолди. Яна Таиландга қайтиб бориб, профессионал спортчи бўлиш орзуси менга тинчлик бермасди. Сўнгра уни амалга ошириш режасини туза бошладим. Яқинларимдан, устозларимдан маслаҳат сўрадим. Улар билганича ёрдам беришди.

Anvar_boynazarov

– 2010 йили катта таваккал қилиб, бир ўзим яна муай тай ватанига келдим. Аммо бу ерга келганимдан кейин тил билмаслигим ва қаерга боришни аниқ белгилаб олмаганимни тушуниб қолдим. Эсимда қолгани, 2008 йили биринчи марта мусобақага келган жойим. Бу жойни Лумпине дер эди. Такси ушлаб, ўша ерга бордим. У ердаги кишилардан зални кўрсатишни сўрадим. Йўлимда учраган биринчи залга кириб, уларга мақсадимни бир амаллаб тушунтирдим ва машғулотларга қатнай бошладим. Бир қарашда осон бошлангандек, аммо...

– Оилангиздагилар бунга қандай муносабат билдиришган. Улар қаршилик қилишмаганми?

– Албатта, каттагина қаршиликка дуч келганман. Сабаби бегона юрт, умуман ўзгача урф-одатлар, яна якка ўзим. Бундан ташқари мен бу ерга келиб, профессионал спортда мусаффақиятга эришган биринчи ўзбекман. Мендан олдин ҳам келиб кетганлар бўлиши мумкин, бироқ юқори натижа бўлмаган. Хуллас, ҳамма бунга ишонмаган эди. Фақат кучли хоҳиш- истагим сабабли ота-онам бир кўриб кела қолсин, деб рози бўлишган. Улар бир айланиб қайтиб келишади деб ўйлашганди. Орадан 3 ой ўтиб қайтиб келдим. Ўқишни давом эттира бошладим. Иккинчи марта бориб келгандан сўнг мен умуман бошқача одамга айландим-қолдим. Катта мақсад йўлида кўп нарсани “қурбон” қилишга тўғри келишини тушуниб етдим ва ўқишни, бу ердаги ишларнинг барчасидан воз кечиб, Таиландга учиб кетдим. Шундан бери ўша ерда яшайман.

– Таиландга борганда сизни қандай қабул қилишди? Албатта, қийинчиликлар ёки оғир синовлар бўлган бўлса керак. Сабаби умуман ўзгача ҳаёт тарзи, бошқа муҳит, одамлар...

Албатта, янги давлат бўлгандан кейин қийинчиликлар ҳам шунга яраша бўлган. Таиланд аслида кўпроқ сайёҳлар ташриф буюради. Шунинг учун яшаш қиммат. Бошида уйга пул топсам, овқатга йўқ. Буларга топсам, виза муаммоси... Хуллас биттасини ёпсангиз иккинчиси пайдо бўлаверарди. Пул топа олмай, кўчаларда яшадим, залларда қолишга мажбур бўлдим. Яқинларимдан ёрдам сўрадим, улар қўлидан келганча қарашди. Бироз ўтиб, шунча юрганинг етар дея бу ишларни йиғиштириб, қайтишни маслаҳат берди. Қайтиш учун чипта олиб, аэропортга келдим. Самолёт учишига 2 соатлар қолганда фикрим ўзгариб, чемпион бўлиш орзусини амалга ошириш учун қолишга қарор қилдим.

Anvar Boynazarov

– Жуда кўплаб залларга бордим. Таиландликлар чет элликларни тезда ва осонликча қабул қилавермайди. Бир гал стадионлардан бири бунга рози бўлишди. Машқ жуда оғир эди. шуғуллангандан сўнг бутун танам зирқираб оғрирди. Улар кейинги куни келмайди деб ўйлашган эди. Аммо эртасига яна бордим. Аммо бир ҳафтагача яхши муомала қилишмади, ҳаттоки исмимни ҳам сўрашмаган. Чемпион бўлишим кераклигини айтганимда улар ҳам кулишиб, ишонмай қараган. Кейин мендаги тиришқоқликни кўриб, қайтмаслигимни билиб ўз сафларига қўшишга қарор қилишди.

– Профессионал спортда биринчи чемпионлигингиз қандай бўлган?

– Юқорида айтганимдек, Таиландда ҳар бир стадионнинг чемпиони бўлиш жуда катта натижа ҳисобланади. Агар у чет эллик спортчи бўлса, муай тай тарихи учун бу унданда катта иш, шарафдир. Пхукет шаҳрида “Бангла” стадионида илк марта профессионал жангларда 2011 йили ғолиб чиққанман. WMF йўналиши бўйича ўша йили жаҳон чемпионлигини қўлга киритдим. 2013 йил эса иккинчи марта Бангкокда ғолиб чиқдим.

 


– Муай тайда ёшнинг аҳамияти қандай?

– Менинг спортга кириб келишим жуда кеч ҳисобланади. Илк марта бу спортга (профессионал) қадам қўйганимда 20 ёшларда эдим. ММА, UFC, боксни оладиган бўлсак, 30 ёшлар улар учун энг юқори чўққи ҳисобланади. Бу вақтда улар ҳар томонлама тажриба тўплаб, ўз ишининг мутахассислари бўлиб етишади. Муай тай жангларида ҳам аъзолар ишга солинади. Шунинг учун бошқа спортларга қараганда жуда куч талаб қилади. Бунга эса ёшликдан кўниктириб бориш энг маъқул йўл деб ўйлайман. Олдинлари Таиландда мезбон спортчини ютиш катта шараф эди ва бирдан танилар эди. Чунки шу вақтга уларни ҳеч ким ўша ерда юта олмас эди. Кейинчалик дунё ёшликдан спорт билан шуғулланиш фойдасини сезишди. Биринчилар қаторида австралияликлар, французлар эди.

Anvar Boynazarov

– Қачонгача ушбу спорт билан шуғулланмоқчисиз?

– Тўғриси, ҳали олдинда режаларим кўп. Уларни амалга ошириш йўлида ҳаракат қиляпман. Бунга энди тўлиқ мослашдим. Менимча 36-38 ёшларгача рингга чиқишни режалаштиряпман. Сўнгги у йилда жангларни камайтириб бораман. Йилига битта-иккита...

– Орадан шунча вақт ўтди. Мақсадларингизни амалга оширмоқдасиз. Энди айтингчи, чемпион бўлиш учун нималар муҳим деб ўйлайсиз?

- Шунча вақт жаҳоннинг кўп давлатларида бўлдим. Таиланддан ташқари Малайзия, Хитой, Сингапур, АҚШ сингари тараққий этган давлатларда яшадим, шуғулландим. Лекин бир жойда ўзимизга ўхшаш халқни кўрмадим. Шуни тушуниб етдимки, ўзбек халқи кучли халқ. Бу ерда тарбия, одоб, орият, бошқалар ҳурмат жуда юқори. Мана шулар мен учун энг аҳамиятли нарсалар. Шу нарсаси бор инсонлардан юқори марраларни кутса бўлади. Қолган халқларда бу нарсаларга катта эътибор беришмайди. Улар фақат ўзини ўйлайди. Бизда эса ота-она, қариндошлар, яқинлар, дўст-биродарларга қўлдан келганча, ёрдам берилади ва шунга ҳаракат қилинади. Хуллас, ҳеч ким эътибордан четда қолмайди.

Anvar Boynazarov

– Тасаввур қилинг, ер юзида 7 млрд одам бўлса, шулардан 1 млрд нафари спорт билан шуғуллансин. Шуларнинг ҳар бири чемпион бўлишни истайди. Аммо бир киши ғолиб чиқади. Ким ўша? Бунга тайёр бўлган инсон. У шарт-шароитларни баҳона қилмайди, ўзини шунга руҳан ва жисмонан тайёрлаб келади. Бунга ишонади ва тинмай меҳнат қилади.

– Чемпион бўлиш учун шарт-шароит йўқ, дейиш бу баҳона холос. Уларни бизга четдан келиб яратиб бермайди. Биз ўзимиз қилишимиз зарур. Ўйлаб кўрингда, қор кўп ёғса, йўлни биринчи очиш қийин бўлади. Бизга ана шу йўлни очадиган фидоий ёшлар керак.

- Бунинг учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз? Таиландда шароитлар ҳақида тўхталсангиз...

- Бизларнинг энг ишончимиз ёшлардан. Авваламбор уларга профессионалликни ўргатиш зарур. Таиландда ёшлар 5-6 ёшга тўлганда олдида иккита йўл туради: ё ўқиш, ё спортни танлаш. Бу нарса уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Ўқишни танлаган бола фақат шу йўналиш бўйича кетади. Муай тайни танлаганларнинг манзили уй ва спорт зали бўлади. Қачонки улар йиллар давомида тинимсиз шуғулланиб борса, 18-20 ёшида чемпион бўлади. Сабаби уларда рақобат жуда юқори. Бугун биттаси чемпион бўлса, эртага ҳам бўлади деб ҳеч ким айта олмайди.

Anvar Boynazarov

– Ноқулай рақиблар билан рингга чиққанмисиз?

Бу спортни ғалаба билан бошламаганман. Бир ўзим, ортимда қўллаб-қувватлайдиганлар бўлмагани учун кўп “синдиришарди”. Энди кириб келган вақтларимда атайлаб кучли ва тажрибали спортчиларга рўбарў қилишарди. Улар учун бу бизнес эди. Кейин бошқаларнинг ҳаёти уларни қизиқтирмайди. Бошланишига ўша рақиблар мен учун жуда ноқулай бўлган.

Илк чет эллик чемпион япониялик Накамура билан учрашув...

Бу спортчи муай тай тарихида илк хорижлик чемпион ҳисобланади. Унинг жанг видеоларини диққат билан ўрганиб борардим. Янги залга ўтганимдан кейин “Лумпини”да жанг қила бошладим. Қоидага кўра, бу ерда бир ҳафтада уч марта жанг бўлади. Шанба куни оддий жанглар бўлади. Шунда учта-тўртта нокаут қилиб, сешанба кунги тўқнашувларга чиқдим. Уларда ҳам зафар қучиб, жума куни бўладиган энг катта жангларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритганман. Икки йилча вақт ўтгандан сўнг мураббийларим Накамура билан урушишимни айтишганди. Олдинига эътибор бермадим. Кейин бу рост бўлиб чиқди. Биринчи жангда мағлуб бўлган бўлсам, кейингисида ундан реванш олдим.

Давоми бор...

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!